Жорий йилнинг 27-октабр куни мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари депутатлари сайлови бўлиб ўтади. Айни пайтда депутатликка сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодлар рўйхатга олинди. 

Таъкидлаш керакки, миллий сайлов тажрибамизда илк маротаба 5 та сиёсий партия томонидан барча даражадаги депутатлик ўринларига 100 фоиз номзодлар кўрсатилди. Хусусан, сиёсий партиялар Қонунчилик палатасига жами 875 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар кенгашларига 3625 нафар, халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларига 24850 нафар номзод, яъни барча сайлов округларида номзодлар тўлиқ кўрсатиш имконига эга бўлди.

Парламент қуйи палатаси – Қонунчилик палатаси депутатлигига сиёсий партиялардан кўрсатилган номзодлар орасида аёллар сони 391 нафарни ёки 44,7 фоизни ташкил этди. Бу сайлов тарихимиздаги энг юқори кўрсаткичдир.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туманлар (шаҳарлар) кенгашларига ҳам ҳар бир партиядан номзодлар рўйхатга олинган бўлиб, депутатлик мандати учун 28475 нафар номзод кураш олиб боради.

Диққатга молик яна бир жиҳат шуки, номзодларни кўрсатишда сиёсий партиялар инклюзивликка ҳам алоҳида эътибор қаратган. Жумладан, Қонунчилик палатаси сайлови бўйича депутатликка номзодлар орасида жами 11 нафар ва маҳаллий кенгашлар сайлови бўйича депутатликка номзодлар орасида 605 нафар ногиронлиги бўлган шахслар мавжуд. Бундай юқори даражадаги инклюзивлик биринчи маротаба кузатилмоқда.


Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати материаллари асосида тайёрланди.