Нукус шаҳридаги кафеларнинг бирида ўртоқлари билан спиртли ичимлик ичган чимбойлик Е.К. у ердан анча кайфи ошган ҳолда чиқди. Уйига қайтиш учун такси компаниясига қўнғироқ қилиб, ҳали-бери таксидан дарак бўлмагани учун шу атрофда бироз тентираб юрди.

Худди ўша пайт кафе автотураргоҳига келиб тўхтаган Кобалт автомашинасидан тушган ҳайдовчи шошилганча ичкарига кириб кетди. Унинг машина эшигини қулфламасдан кетганини кўрган Е.К. тўғри келиб, автоуловга ўтирди ва уни ҳайдаб кетади.

Орадан бироз вақт ўтиб, ташқарига чиққан машина эгаси ўзининг автомобили жойида йўқлигини кўриб ҳайрон бўлади ва бу ҳақда тезда ички ишлар органларига хабар беради.

Жабрланувчининг мурожаати асосида зудлик билан ишга киришган Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ППХ ва ЖЦБ баталъони ходимлари сафдор С.Абдиэв ва И.Кумековлар ушбу автомашинани Нукус шаҳридаги кўчаларнинг биридан топади. Уни олиб қочишда гумон қилинган шахс эса, дарҳол қўлга олиниб, шаҳар Иибга топширилди.

Азамат Пирниязов,

“Постда” мухбири.