Лавҳамиз қаҳрамони талабалар билан доимий мулоқот қилиб, уларнинг муаммо ва таклифларини ўрганади, шикоятларини кўриб чиқади. Улар томонидан жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этилишининг олдини олиш мақсадида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боради. 

Яқинда Анвар (исмлар ўзгартирилди) дўсти Санжарнинг онлайн ўйинларга қизиқиб қолганини, дарсга эътибори камайганини, ҳатто баъзида туни билан ўйин ўйнаб, эрталаб машғулотларга келмаётганини айтиб қолди. Сурайё ҳолатни таҳлил қилиб, шунча талаба ичидан айнан биттаси билан мазкур масалада суҳбатлашиш, унга танбеҳ бериш ўринли бўлмайди деган қарорга келди. Шунинг учун бошқа мутахассис ходимлар иштирокида тарғибот тадбири ташкил қилинди. 

Тадбирда интернет фирибгарларига алданиб қолганлар тақдири акс этган видеолавҳа намойиш этилди. Ходимлар жиноят оламида кибертаҳдидларнинг салмоғи кўпайиб бораётганини таъкидлаб, ёшларга огоҳликка чақирувчи тарғибот материалларини тарқатишди. Сурайё худди Санжарнинг аҳволига ўхшаш вазиятни мисол келтириб, оқибати хайрли бўлмаганини айтди. Кейинги кунларда бу талабани унинг ўзига билдирмай кузатди. Тарғиботлар иш бериб, Санжар интернет ўйинларига тобеликдан қутулди.  

Университетда таҳсил оладиган талабаларнинг кўпчилигини қизлар ташкил этади. Уларнинг анчагинаси ётоқхонада истиқомат қилади. Сурайё ота-онасидан узоқда яшаб, ўқийдиган қизларнинг шаъни, ор-номусини асраш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратади. Ҳатто кечки пайтларда талабалар ётоқхонасига бориб, уларга йўл-йўриқ кўрсатади, маслаҳат беради.

Талабалар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш масаласи ҳам лавҳамиз қаҳрамонининг доимий диққат марказида. 

Маҳлиё ХОЛОВА,

ўз мухбиримиз.

Навоий вилояти.