Саломатлик сабоқлари
Халқимизнинг Наврўз байрами билан боғлиқ кўплаб урф-одат, анъана ва маросимлари бор. Ана шундай қадриятларимиздан бири сумалак сайлидир. Сумалак мўъжизакор таом саналиб, қаҳратон қишдан чиққан инсонлар учун дармонсизлик, илик узилди пайти мадад кучига айланган. Буюк аллома Абу Али ибн Сино баҳорни инсон умрининг шифобахш даври деб атаган. У бу даврда одамлар фаслий толиқишни енгиш учун турли хил дон, кўкат ва гиёҳлар, мева ва сабзавотлар ҳамда улардан тайёрланган таомларни истеъмол қилишини маслаҳат берган. Негаки, бу маҳсулотлар таркибида тана фаолияти учун фойдали витаминлар, оқсил, эфир мойлари, темир, фосфор, калсий каби элементлар, биологик фаол моддалар мавжуд.
* Буғдой кўкатидан тайёрланадиган дармондориларга бой сумалак баҳорнинг энг севимли ва шифобахш таоми ҳисобланади. Унда инсон аъзоларига осонлик билан сингадиган, қон, лимфа суюқликларига сўриладиган ҳаётбахш озуқалар мавжуд.
* Сумалак қувватбахш бўлиш билан бирга, хафақон хасталигига ҳам шифодир. У қон таркибини яхшилайди, қонни суюлтиради.
* Олимларнинг таъкидлашича, сумалак гипертония, гепатит, буйрак, меъда-ичак хасталикларига яхши даво бўлиб, қон таркибини яхшилаб, меъда-ичак фаолиятини меъёрга келтиради, асабни тинчлантиради, яхши ухлатади.
* Сумалак – ширин таом бўлса-да, ҳазми қийин, оғир таомлар сирасига киради. Ошқозонида муаммоси бор беморларга уни ейиш тавсия этилмайди. Сабаби, ошқозон кислотасини ошириб, жиғилдонни қайнатади. Гарчи, сумалак табиий маҳсулотлардан тайёрланса-да, ошқозон-ичак хасталикларини кучайтиришдан ташқари, совуқликни ошириб юбориши мумкин.
* Глютен моддасига аллергияси борлар, қандли диабет ҳамда оғир жарроҳлик муолажасини кечирган беморлар сумалак истеъмол қилмаслиги мақсадга мувофиқ.
* Болалар шифокорлари, уч ёшдан кичик болажонларга сумалак беришни тавсия этмайди. Беш ёшдан ошган болаларга бир кунда 50 грамм сумалак кифоя. Томоқ оғриғи, ларингити бор кичкинтойлар иложи борича бу ширин таомдан тийилгани маъқул.
* Сумалакни сут ва сут маҳсулотлари, асал, асалари муми билан биргаликда ейиш тақиқланади.
* Сумалак кучли калорияли таом. Шунинг учун озиш ниятида парҳез тутаётганларга ҳам тавсия этилмайди.
* Барча маҳсулотлар каби сумалакнинг ҳам яроқлилик муддати бор. Яхши пишган сумалакни узоғи билан 6–7 кун сақласа бўлади. Кейинчалик эса унинг таркибида патоген микроблар тўпланиши мумкин. Бу эса, ўз навбатида, организмнинг заҳарланишига сабаб бўлади.
* Сумалакни жуда иссиқ ёки муздек ҳолатида ҳам истеъмол қилиб бўлмайди, ҳар иккиси ҳам организмга зарарли таъсир кўрсатади. Шу боис, ейишдан бироз аввал керакли миқдордагисини олиб хона ҳароратида илитиб еган маъқул.
* Сумалакни иложи борича қоронғи ва салқин жойда сақланг. Идишга солаётганда у тоза, ёғсиз, қуруқ бўлишига аҳамият беринг.
Адолат ФАЙЗИЕВА тайёрлади.
