Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш учун қўлланилаётган «маҳаллабай» тизими маҳаллаларни хавфсиз, жиноятчиликдан холи ҳудудларга айлантиришда қўл келмоқда. Сабаби, бугун нафақат маҳаллалар, хонадонларнинг тоифаларга ажратилиб, профилактик суҳбатлар олиб борилаётгани ижобий натижа бермоқда. Хусусан, Жарқўрғон туманидаги «Жануб қалқонлари» маҳалласида ҳам ишлар ана шу тартибда олиб борилгани боис бу йил ҳудудда бирорта ҳам жиноят қайд этилмади. 

4063 нафар аҳоли истиқомат қилаётган маҳаллада туман ИИБ ҲПБ профилактика инспектори, капитан Ўткир Бобоқулов маҳалла оқсоқоли Ўктам Асроров ҳамда фаоллар билан биргаликда эртаю кеч одамларнинг тинч-тотув яшаши учун ҳаракат қилмоқда. Уларнинг саъй-­ҳаракати билан иш излаб юрган 

15 нафар фуқаро Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази орқали доимий иш билан таъминланди. 

– Ҳудудда «Давомат» ҳамда «Тиғ» тадбирлари ўтказилиб, аниқланган ҳолатлар бартараф этилиб, фуқароларга тушунтириш ишлари олиб борилди, – дейди капитан Ўктам Бобоқулов. – 2 та низоли оила яраштирилди. Ҳоким ёрдамчисининг кўмаги билан бир нафар аёл имтиёзли кредит олиб, тикувчилик сехини ишга туширди.

Маҳаллада турли вилоятлардан келган ҳарбийларнинг оилалари ҳам истиқомат қилади. Улар шу ерлик аҳоли билан тил топишиб кетиши, тушунмовчиликларнинг олдини олиш учун кўчабошилар тайинланган. Улар вазиятни изга солиб туришда яқиндан ёрдам беришмоқда. 

Маҳаллада яшовчи болалар қўшни ҳудуддаги 5-сонли умумтаълим мактабида таҳсил олади. Профилактика инспектори уларнинг ҳам давоматига бефарқ эмас. Тез-тез таълим муассасасидан хабар олиб туради. Шунингдек, ҳудудда «Тунги рейд»лар ҳам ўтказиб турилгани учун кўча-кўйда бемақсад юрганлар камдан-кам топилади. 

Албатта, ҳар бир ҳудудда тартиб бўлгани яхши. Тартиб ҳамма нарсани тўғри ўзанга солишга сабаб бўлади ва бу бора-бора одамларнинг қатъий қоидасига, қадриятига айланади. «Жануб қалқонлари» маҳалласида ҳам қадриятга айланган ана шундай тартиб-қоидалар мавжуд. Бу ҳам осойишталикнинг, ҳам тотувликнинг гарови бўлиб хизмат қилмоқда. 

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,

«Постда» мухбири.

Сурхондарё вилояти.