Аслида, етилиб пишган ва мазали тарвузни меъёрида ейиш ён таъсирлар келтириб чиқармайди. Суюқлик ушлаб қолиниши ва шишиш билан кечувчи юрак касалликларида, ошқозон-ичак тракти фаолияти бузилганда ва қулунж хасталигида ҳам тарвуз истеъмолини жиддий назорат қилган маъқул. Ушбу маҳсулотни меъёридан ортиқ ейиш кўнгил айниши, ич кетиши, ошқозонда безовталик, қорин шишиши ва дам бўлишига олиб келиши мумкин.

Шунингдек, пешоб-тош касаллиги, простата бези аденомаси аниқланган ёки операциядан кейинги даврда бўлган беморлар ниҳоятда оз миқдорда тарвуз истеъмол қилиши лозим, акс ҳолда салбий оқибатлар кузатилиши мумкин.

Қонда калий миқдори ошганда, жиддий гиперкалиемия (қонда юрак ритмининг бузилишига сабаб бўладиган калий концентрациясининг ортиши) кузатилганда кунига қарийб 150 г тарвуз билан чекланинг. Бундан ташқари, баъзи инсонларда унга аллергия мавжуд. Бу вазиятда тарвуз истеъмоли қатъиян ман этилади.  

Соғлом инсон учун тарвуз меъёри кунига 0,5 килограммгача бўлиши мумкин. Лекин энг яхшиси, бу миқдорни бир неча қисмга бўлиб, кун давомида тамадди қилган маъқул. Овқат ҳазм қилиш билан боғлиқ муаммолар юзага келмаслиги учун уни бошқа таомлардан айро ҳолда ейиш мақсадга мувофиқдир.

Гулчеҳра АЗИМОВА тайёрлади.