Йўл ҳаракати хавфсизлигини самарали ва ишончли таъминлаш мақсадида сафдор Нурмурод Асадовга Навоий шаҳридаги «Умид» ва «Баҳор» маҳаллалари бириктирилган. Ўтган йили «сариқ» тоифага киритилган «Баҳор» Мфйда олиб борилган ишлар самараси ўлароқ жорий йилда умуман йўл-транспорт ҳодисаси кузатилмади. Ваҳоланки, маҳаллада жами 4674 нафар аҳоли истиқомат қилиб, уларнинг 600 нафардан ортиғида авто­улов бор. 

– Йўл-транс­порт ҳодисаларидан кўплаб фуқаролар жабр кўрмоқда. Айниқса, улар орасида болаларнинг борлиги ачинарли ҳол. Таҳлилларга кўра, автоҳалокатларнинг аксар қисмини малакасиз ҳайдовчилар содир этади. Шунинг учун ўзимга бириктирилган ҳудудда яшов­чи, қайта-қайта йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдов­чилар билан алоҳида иш олиб бораман. Маҳаллада қоидабузарлар иштирокида муҳокамалар ва тарғибот тадбирларини ўтказамиз, – дейди сафдор Нурмурод Асадов. 

Ҳудудда битта умумтаълим мактаби, учта мактабгача таълим ташкилоти мавжуд. Инспектор мазкур муассасаларда профилактик тадбирларда болалар ва ўсмирларга йўл ҳаракати қоидаларини тушунтиради. Бунда пиёда ва велосипедчиларнинг мажбуриятларини тушунтиришга алоҳида эътибор қаратади.

Маҳалла аҳли Нурмурод Асадов­ни яхши танийди. Шунинг учун қоидабузарликнинг гувоҳи бўлган ёки бундан хабар топганлар биринчи бўлиб унга қўнғироқ қилишади. Вақтининг аксар қисмини шу маҳаллада ўтказадиган инспектор ЙҲХ соҳасида барча билганлари ва қонунчиликдаги ўзгаришлар билан аҳолини таништириб боришга одатланган. 

– Нурмурод Асадовнинг хизматидан бар­чамиз мамнунмиз. Болаларимиздан кўнглимиз тўқ. Боиси уларга йўлда қандай ҳаракатланиш лозимлиги, йўл белгилари бўйича тушунтиришлар олиб боришдан эринмайди. Болалар ўртасида «Яшил чироқ» танловини ташкил этиш бўйича ҳам ташаббус кўрсатади, – дейди маҳалла раиси Иномжон Тойиров.

Инспектор яқинда маҳалла идораси ёнида ЙҲХ ўқув машғулотлари учун майдонча ташкил этиш таклифини берди. Унинг ташаббусини маҳалла фаоллари қўллаб-қувватлади.

Маҳлиё ХОЛОВА,

ўз мухбиримиз.

Навоий вилояти.