Ғиждувон тумани ИИБ бошлиғининг ўринбосари – тергов бўлими бошлиғи, подполковник Жасурбек Рустамов омадли инсонлардан. Уларнинг уйида қўшалоқ байрамга айланиб кетди. Қизи Вазира Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг жаҳон иқтисодиёти ва халқаро иқтисодий муносабатлар факултетига грант асосида ўқишга кирди. Ўзи Президентимиз фармонига кўра, «Содиқ хизматлари учун» медали билан мукофотланди. 

Бердақ номидаги Қорақалпоғистон давлат университетининг ҳуқуқшунослик факултетини тугатган Жасурбек бир йил давомида ўзи туғилиб ўсган Шофиркон тумани ИИБ тергов гуруҳида жамоатчи ёрдамчи сифатида хизмат олиб борди. Сўнг ИИВ Академияси Сержантлар таркибини тайёрлаш бўйича олий курсларини тамомлади. 

Ўтган давр мобайнида жиноятчиликнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда самарали хизмат қилган қаҳрамонимизнинг юксак салоҳияти, ташаб­бускор ҳамда жонкуярлиги доимо раҳбариятнинг эътибор ва эътирофида. Хизмат фаолияти давомида кўплаб ёш ходимларга устозлик қилмоқда, соҳа сирларини ўргатмоқда. Бунинг учун, аввало, устозлари, истеъфодаги маёр Садриддин Болтаев ва подполковник Жамшид Тангриевлардан миннатдор. Зеро, эришган ютуқларида уларнинг муносиб ҳиссаси бор. 

Юрт тинчлиги, халқ осойишталигини таъминлашдек шарафли вазифани сидқидилдан адо этаётган подполковник Жасурбек Рустамов ўзининг фидойилиги билан обрў-эътибор топди, ҳамкасбларининг ҳурмат-иззатига сазовор бўлди. Мустақиллик байрами арафасида давлатимиз раҳбарининг фармонига асосан «Содиқ хизматлари учун» медали билан тақдирланди.

– Вазиримиз қўлидан мукофотни қабул қилиб оларканман, салкам 20 йиллик хизмат фаолиятим кўз олдимдан тасма мисол ўтди, – дейди подполковник Ж. Рустамов. – Яна шуни билдимки, ҳеч бир ҳаракатингиз беиз кетмас экан. Ҳар бир хизмат ўз муносиб баҳосини олишига амин бўлдим. 

Юксак мукофот соҳиби нафақат хизматда ўрнак, балки оилада ҳам ибратли ота. Турмуш ўртоғи Дилнавозхон билан бирга Асилбек ва Вазирахонларни эл корига ярайдиган инсон қилиб тарбиялашди. Соҳа фидойиси бўлган лавҳамиз қаҳрамонининг заҳматли хизмати ҳали кўп бор тилга олинишига аминмиз.   

Мирзоқул АҲАДОВ,

ўз мухбиримиз.

Бухоро вилояти.