Масалан, Султон (исмлар ўзгартирилди) ИИВ ҳузуридаги ЖИЭД Биринчи минтақавий ҳудуд 7-сонли Жиэкда жазо муддатини ўтаётган вақтда шум режа тузади. Яъни озодликдаги таниши орқали муассаса ҳудудига гиёҳвандлик воситаси олиб киришга уринади. Қандай қилиб дейсизми? Унинг таниши олиб келаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ичидаги олмалар шубҳали эди. Заҳри қотилни олмалар орасига думалоқ шаклда қилиб жойлаштиргани учун буни ҳеч ким сезмайди, деб ўйлаган, шекилли. Аммо қилни қирқ ёрадиган тезкор ходимларнинг ҳушёрлиги, синчковлиги туфайли уларнинг режаси амалга ошмай қолди.
Одатда фирибгарлар қандайдир муаммосига ечим излаётган шахсларнинг ишончига киришади. Шундай устомонлик билан аврашадики, жабрланувчилар қандай қилиб уларнинг тўрига тушганини билмай қолишади.
Биринчи минтақавий ҳудуд 49-сонли манзил-колонияда жазо муддатини ўтаётган Ҳошимнинг қадам босиши сўнгги пайтларда шубҳали тус ола бошлади. Буни пайқаган ходимлар назоратни кучайтирдилар. Муассасанинг Оҳангарон туманида жойлашган шартнома обектига фойдали меҳнатга жалб қилинган Ҳошим Оҳангарон шаҳрида яшовчи Роза исмли қиз билан телефон орқали танишиб, унга юқори турувчи идораларда яқин танишлари борлигини айтади. Ана шу танишлари орқали Розани ички ишлар органлари хизматига ёки Тиббиёт олийгоҳига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилади. «Хизмат ҳақи»га эса 2000 АҚШ доллари сўрайди. Жорий йилнинг 6-июн куни маҳкум қиздан пулларни олаётган вақтда тезкор ходимлар томонидан қилмиши фош этилади.
Денис ҳамда Абдураҳмон Биринчи минтақавий ҳудуд 13-сонли Жиэкда танишган эдилар. Кейинчалик Денис озодликка чиқади, Абдураҳмон эса 44-сонли манзил-колонияга юборилади. Улар телефон орқали суҳбатлашиб, бир-бирларидан ҳол-аҳвол сўрашиб туришарди. Ана шундай суҳбатларнинг бирида Денис суҳбатдошига юқори лавозимда ишлайдиган танишлари борлигини, улар кўмагида ҳайдовчилик гувоҳномасини имтиҳонсиз олиб бера олишини айтади. Бунинг эвазига эса 1500 АҚШ доллари сўрайди. Улар шу йилнинг 3 июл куни муассасанинг қисқа муддатли учрашув хонасида кўришадилар. Шу куннинг ўзида келишилган пулларни олаётган вақтда қўлга тушган «ҳожатбарор» озодлик неъматига тўйишга улгурмай, яна муассасага қайтадиган бўлди.
Навбатдаги «қаҳрамон» эса тап тортмай жазони ижро этиш тизимининг юқори лавозимларида ишлайдиган танишлари борлигини айтиб, фирибгарликка қўл урди. Учинчи минтақавий ҳудуд 37-сонли манзил-колонияда жазо муддатини ўтаётган Нилуфар бошқа бир маҳкумнинг ишончига киришга уриниб, уни танишлари орқали яшаш манзилига яқин муассасага ўтказиб қўйишини айтади. Эвазига эса 1000 АҚШ доллари сўрайди. Бироқ қаршисидаги шахс ҳам анойилардан эмасди. У «Шунчалик кучинг бор экан, нега ўзинг бу ерда ўтирибсан?!» деб ўйлайди ичида ва зудлик билан ушбу ҳолатни тегишли ходимларга билдиради. Ашёвий далиллар билан қўлга олинган «ҳожатбарор»га эса «танишлари» ёрдам бера олмади.
Халқимизда «Кўр ҳассасини бир марта йўқотади», деган пурмаъно нақл бор. Афсуски, биз юқорида айтиб ўтган кимсалар ноқонуний қилмишлари учун жазо муқаррарлигини билатуриб, яна жиноятга қўл урдилар. Наҳотки, улар жазони ижро этиш муассасасида олиб борилаётган тарбиявий-профилактик тадбирлардан тегишли хулоса чиқаришмаса?! Наҳотки, озодликда яшашнинг қадрини билишмаса?!
Хуллас, ҳаётда такрор-такрор қоқилмаслик учун инсон ҳаётга бир марта келишини, яхши яшаш учун ҳалол меҳнат қилиш кераклигини, гўзал амаллар билан ўзидан яхши ном қолдириши кераклигини ўйлаши лозим. Модомики, киши оқибатини ўйламай, қинғир ишга қўл урар экан, қонуний жазога тортилиши муқаррардир.
Дилшод ШАМУРАТОВ,
подполковник.
