Бир куни эрталаб қўй-қўзиларни қўрасидан чиқараётиб 2 бош қўйи йўқлигини пайқади. Дарҳол бу ҳақда туман Иибга қўнғи­роқ қилиб, ҳолатни тушунтирди. Кўп ўтмай етиб келган тергов-тезкор гуруҳи аъзолари ишга киришишди. Тезкор вакил, маёр Элбек Султонов айни совуқ забтига олган маҳал қўтоннинг атрофини кўздан кечирар экан, поябзал изига кўзи тушди. Излар болалар оёқ кийимига ўхшашлигини кўриб бироз шубҳаланди. Чунки отахоннинг икки ўғли ҳам улғайиб қолган бўлиб, Самарқанд шаҳрида ўқишарди. Ахтам отадан яқин орада уйига кимлар келганини сўради. Афсуски, тайинли гап ололмади. 

«Зулқарнай» маҳалласидаги уйлар ораси жуда узоқ бўлиб, қўшни ҳовли анча нарида жойлашган эди. Жабрланувчининг қўшниси Бадир ака яқинда жазо ўтаб қайтганини ҳисобга олиб, балки яна эски «ҳунари»нинг хумори тутгандир, деган ўйда у билан суҳбатлашишга шошилди. Борса, Бадир ака қаттиқ шамоллаб ётган экан. Хонадондан чиқа туриб, остонадаги оёқ кийимларга кўзи тушди. Спорт крос­совкасини қўлига олиб, остига қаради. Қўра атрофида қолдирилган излар мана шу пояб­зал остидаги «нақш»ларга жуда ўхшарди. Кроссовка Бадир аканинг ўғли Ботирники экан. Суриштирув чоғида Элбек Султоновнинг шубҳалари ўз тасдиғини топди. Мактабнинг 9-синфида ўқий­диган Ботир ярим кечаси Ахтам отанинг қўрасидан 

2 бош қўйини ўғирлаб, қассобга сотиб, пулларни ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборган эди. 

Нурота тумани ИИБ ТҚХ ЖҚБ тезкор вакили, маёр Элбек Султонов қарийб 

15 йилдан бери ички ишлар органларида хизмат қилади. Фаолиятини Нурота туманидаги «Эшон судур» маҳалласи профилактика инспекторлигидан бошлаган. Жорий йилда туман ҳудудида содир этилган жиноятларнинг аксарияти унинг тезкорлиги, топқирлиги ва синч­ковлиги туфайли «иссиқ изида» фош этилди. Қолаверса, аҳоли ўртасида жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида олиб бориладиган кенг қамровли тарғибот тадбирларида ҳам фаол иштирок этади. Ўтказилган профилактик ишлар ўз самарасини бериб, туманда оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар камайишига эришилди. 

«Тегирмон навбати билан», деб бежиз айтишмайди. ИИВ Академиясида олган назарий билимларини, устозларидан ўрганганларни амалиётда қўллаб, малакали мутахассис даражасига етишган қаҳрамонимиз эндиликда ёшларга ҳам касбий маҳорат сирларини ўргатмоқда. 

Маҳлиё ХОЛОВА,

ўз мухбиримиз.

Навоий вилояти.