Нуроний отахонларимиз «бировнинг ҳаққига хиёнат қилма», «текин луқма тешиб чиқади» дея кўп насиҳат қилишади. Аммо бу насиҳатларга қулоқ тутмайдиган, ўз нафсини жиловлай олмайдиган кимсалар учраб туради.
Пойтахтимиздаги нуфузли идораларнинг бирида ишлайдиган Шербек Жўраэв (исм-шарифи ўзгартирилди) ҳам ана шундайлар сирасидан бўлиб чиқди. У амакиваччалар Шохруҳ ва Шорасул Иноятовларни Жанубий Кореяга ишга жўнатишини айтиб, уларнинг 6 минг Ақш долларини қўлга киритади. Орадан узоқ вақт ўтишига қарамай, ваъдасининг устидан чиқмайди, аксинча, олган пулларини ўз эҳтиёжи йўлида ишлатиб юборади.
Андижонлик Исмоил Эргашев эса Самарқанд шаҳрида яшовчи тадбиркор Рашид Эгамовдан унинг хориждан келтирилган 1 миллиард
840 миллион сўмлик ситрус меваларини сотиб беришини айтиб, маҳсулотларни олиб кетади. Бироқ мевалар сотиб бўлингач, пулнинг бир қисмини беради, холос. Қолган 1 миллиард 511 миллион сўмини «ухлатиб» кетади.
Яна бир ҳолат. Тошкент шаҳрида яшовчи Руслан Ҳайитов танишлари – Мунира Жалилова ва Камолиддин Машариповга биргаликда минерал ўғит савдоси билан шуғулланишни таклиф қилиб, улардан 670 минг Ақш долларини нақд санаб олади. Катта маблағни осонгина қўлга киритган фирибгар пулларни чўнтакка урганча жуфтакни ростлаб қолади. Унинг «бизнес ҳамкорлари» эса бошни чангаллаганча қолиб кетаверишади.
Бузоқнинг югургани сомонхонагача, деганларидек фирибгарлар ноқонуний хатти-ҳаракатлари билан узоққа бора олмади. Улар ички ишлар органлари ходимлари томонидан қўлга олинди. Эндиликда эса қонун олдида қилмишлари учун жавоб беришмоқда.
Михли САФАРОВ,
ўз мухбиримиз.
