Истиқлол солномасини варақлаганимиз сайин қалбимиз ғурур ва ифтихорга тўлади. Чунки муваффақиятлардан бошимиз кўкка етяпти. Орзу-ниятларимиз ижобат бўляпти. Айниқса, спортда эришилаётган ғалабалар бизни руҳлантиради. Ички ишлар органлари ходимлари орасида ҳам ана шундай чемпион ёшларимиз бугун кўпчиликни ташкил қилади. Бухоро тумани ИИБ 114-сонли ҳуқуқ-тартибот маскани профилактика инспектори, лейтенант Фирдавс Сафаров шулардан бири. 

Туманнинг Дўстлик маҳалласида 1993-йилнинг 13-январ куни туғилган Фирдавс болалигидан отаси Бахтиёр аканинг темирчилик устахонасига борар ва у нима иш қилса, ўшани мустақил бажаришга ҳаракат қиларди. Ўғлининг ҳаракатларини кузатиб юрган ота, унга мос асбобу ускуна ясаб беради. Шу-шу унинг муштлари ҳам отасиникидек метинга айланиб боради. 

– Фирдавсжонни марҳум дўстим Исмат Тоҳировнинг таэквандо тўгарагига олиб борганимда, ҳали иккинчи синфда ўқирди, – дейди Бахтиёр ака. – Аввал туман, вилоят мусобақаларида қатнашиб, фахрли ўринларни олди. Ўғлимнинг биринчи катта ютуғи еттинчи синфда ўқиб юрган пайти Тошкент шаҳридаги “Жар” спорт мажмуасида Осиё давлатлари ўртасида ўтказилган таэквандо (ИТФ) мусобақасида бронза медалини олгани бўлди. Бир йил ўтгач, спорт усталигига номзодликни қўлга киритди.

Аслида Бахтиёр ака ҳам жисмонан чиниққан, спорцевар инсон. У темирларни обдон пишитиб, тоблаб, уларга “иккинчи ҳаёт” бераётган даврида яна ҳам “метин”лашиб, ўша пайтлар Ўзбекистонга энди кириб келаётган армрестлинг бўйича ғолиблик нашидасини сурарди. Уни ўғлига ҳам ўргатарди.

– Тумандаги қурилиш касб-ҳунар коллежида ўқиб юрганимда, отам ва устозим армрестлинг билан шуғуллантирди. Ҳарбий хизматда бўлганимда ҳам бир неча маротаба қисм ва Қуролли Кучлар ҳарбий хизматчилари ўртасидаги мусобақаларда қатнашиб, фақат биринчи ўринни эгаллаб келдим, – дейди лавҳамиз қаҳрамони. – Кейинчалик Бухоро муҳандислик технологиялар институтида ўқиётганимда ҳам асосан армрестлинг бўйича ўтказилган вилоят ва республика мусобақаларида иштирок этиб, уч маротаба Ўзбекистон чемпиони бўлдим ва республика кубогини қўлга киритдим.  

Фирдавсжон ички ишлар органларидаги хизмат фаолиятини 2020 йилда бошлади. Дастлаб, Жондор тумани ИИБ профилактика инспектори бўлиб ишлади, бир йил ўтгач, ҳозирги лавозимида хизматни давом эттирди. У ўзининг пухта билими, ҳар бир ишга виждонан ёндашуви, раҳбарият топшириғини сидқидилдан бажариши туфайли ҳамкасблари орасида обрў топди.

– Маҳалламизда 460га яқин хонадон бўлиб, барча оила бошлиқлари ишли, касб-ҳунарли. Ҳудудимиз туман марказида жойлашган ва йигирмадан ортиқ давлат ҳамда хусусий корхоналар мавжуд. Шунингдек, деҳқон бозори ҳамда магистрал йўл ҳудудимиздан ўтганлиги боис бахциз ҳодисалар ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари учраб туриши табиий, – дейди “Ойбек” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Манзура Кучимова. – Фирдавсжон профилактика инспектори бўлганига ҳали бир йил тўлмади, аммо жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган тарғиботу ташвиқот тадбирлари туфайли жиноятчилик камайди. Ўтган йили атиги битта тақиқланган экин экиш ҳолати аниқланган бўлса, бу йил ҳозирги кунгача жиноят қайд этилмади. Маҳалламизда 20 нафар профилактик ҳисобда турадиган шахс бор. Лейтенант Фирдавс Сафаров ҳар ҳафта пайшанба куни профилактик ҳисобда турувчилар билан суҳбатлашиб, уларнинг муаммоларини жойида ҳал қилиб келяпти.  

Ўз касбига содиқ, намунали ходим, лейтенант Фирдавс Сафаров 2020 йил аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлашда, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишда, қолаверса, коронавирус инфексияси кенг тарқалишининг олдини олиш бўйича ўтказилаётган тадбирларда фаол иштирок этгани учун “Меҳр-саховат” кўкрак нишонига сазовор бўлди. 

Мирзоқул АҲАДОВ,

“Постда” мухбири.

Бухоро вилояти.