Ҳар бир қимматбаҳо тошнинг ўзига хос тарихи бор. Шулардан бири “Темур ёқути”дир. Бу бебаҳо тош 1853 йилда Буюк Британия қироличаси Виктория учун махсус ясалган зебигардонни безаб турган. Айни пайтда “Темур ёқути” Букингем саройидаги “Ҳиндистон хонаси”да сақланади.
361 карат (72 грамм) вазнга эга бўлган бу тош мутахассисларнинг фикрича, аслида ёқут эмас, балки лаъл (жавоҳир) ҳисобланади. У ўз даврида жуда юқори нархларга баҳолангани учун ўрта асрларда “Хирожи олам”, яъни дунёнинг хирожига тенг тош, деб ҳам номланган.
Маълумотларга кўра, бу жавоҳир узоқ муддат Сиам (ҳозирги Таиланд) қиролининг мулки бўлган ва кейинчалик қайсидир йўл билан Деҳлига бориб қолган. 1398 йилда Ҳиндистонни забт этган Амир Темур катта хазиналар қатори, ушбу қимматли жавоҳирни ҳам қўлга киритади. Бу жавоҳир соҳибқиронга ёқиб қолади ва унга сайқал бериб, ўз тожига ўрнатади.
“Темур ёқути” асрлар давомида турли талотўпларга, ҳатто қонли қирғинларга сабабчи бўлган. Жавоҳирда турли даврларда моҳир заргар ва хаттотлар томонидан ўйиб ёзилган олти ҳукмдор (Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Шоҳ Аббос, Жаҳонгир, Шоҳ Жаҳон, Аҳмадшоҳ) номини учратиш мумкин.
Мадина ҚАҲҲОРОВА тайёрлади.
