– Анчадан бери сўрайман дейман, нима иш билан шуғулланасиз? – дея Карима шеригини суҳбатга тортди.
– Нима десам экан? Шу трейдинглик фаолияти, ижтимоий тармоқда канал очганман. Одамларнинг ҳожатини чиқараман. – Назокат дабдурустдан пулини кўпайтириб бераман, демади.
– Блогермисиз?
– Шунақароқ...
Орадан уч кун ўтиб, Назокат Каримадан икки юз доллар қарз сўради. Бир ҳафтадан сўнг қарзига қўшиб беш юз минг сўм пул узатди. Лекин Карима пулни олмайман, деб туриб олди. Шунда Назокат кечки овқатланиш бизнинг ҳисобдан дея, Каримани ресторанга етаклаб борди. У ерда роса яйрашди. Сархил таомлар-у қимматбаҳо ичимликлар кети узилмади.
Шу-шу, иккиси опа-сингилдай бўлиб кетишди. Назокат аҳён-аҳёнда Каримадан қарз олар ва қарзларини тез фурсатда зиёфат билан узарди. Кейинчалик қарзнинг бир қисмини узиб, кўп ўтмай яна катта қарз оларди. Қарзлар йиғилиб-йиғилиб, нақ 13000 АҚШ долларига етди...
– Ўғлим, кўп қаватли уйлардан олмоқчиман, она пул беринг, демасайди, ҳаливери қарзимни ҳам сўрамасдим, – дейди Карима терговчининг саволига жавобан.
Шу тарзда Назокатнинг барча кирдикорлари фош бўлди. У биргина Каримани эмас, яна 15 нафар кишининг ишончига кириб, қақшатиб кетган. Шундай қилиб, пулини кўпайтирмоқчи бўлганлар чув тушиб қолаверишган.
Хулоса ўрнида айтмоқчи бўлганимиз, азиз ҳамюртлар, халқимиз бежиз «Ўзингга эҳтиёт бўл, қўшнингни ўғри тутма», демаган. Шунинг учун, аввало, ўзингиз ҳушёр бўлганингиз яхши. Ҳушёрлик, сергаклик ҳар куни, ҳар соат, ҳар онда зарур бўляпти. Буни эса асло унутманглар! Акс ҳолда, сиз ҳам чув тушиб қолишингиз мумкин.
Элдор ҚУРБОНОВ,
маёр.
Мирзоқул АҲАДОВ,
ўз мухбиримиз.
Бухоро вилояти.
