Лавҳамиз қаҳрамони учун касб танлови шунчаки қарор эмас, балки ички ишонч ва адолатга бўлган садоқат самараси. Бу фикр замирида нафақат назарий билим, балки ҳар куни амалиёт чиғириғидан ўтаётган ҳаётий ва касбий тажриба мужассам.

Катта лейтенант Сирожиддин Худоёров кундалик хизматини интизом ва масъулият асосида олиб боради. Жараён, аввало, жабрланувчилар билан мулоқотдан бошланади. Бу шунчаки сўроқ эмас, балки инсон тақдирига дахлдор, ниҳоятда нозик жараёндир. Сўнгра гувоҳлар билан юзлаштириш, воқеа тафсилотларини теран ўрганиш ва далилларни таққослаш каби жараёнлар изчиллик билан давом этади. Куннинг иккинчи ярмида эса тергов ҳужжатларини расмийлаштириш, хулосалар ёзиш ва ишни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашдек масъулиятли босқичлар бажарилади. Кўпинча бу тиғиз жараён кечки соат 21:00 га қадар давом этади.


Терговчилик фаолиятининг энг мураккаб жиҳати ҳар қандай вазиятда холис ва адолатли тўхтамга келишдир. Лавҳамиз қаҳрамонининг таъкидлашича, инсон қайси мақом ёки лавозимда бўлмасин, унинг ҳар бир қарори ҳақиқатга асосланиши шарт. Шу боис у ҳар бир ишда нафақат қонун нормаларига, балки юксак инсонийлик мезонларига ҳам таянади. Жиноят содир этилишига сабаб бўлган омилларни синчковлик билан ўрганиш, шахснинг руҳий ҳолати ва вазият тафсилотларига бирёқлама эмас, балки кенг қамровли ёндашиш – Сирожиддин Худоёров иш услубининг энг муҳим ва ўзига хос жиҳатлари. 


Сирожиддин ўтган йилларда кўплаб устозлардан сабоқ олганини таъкидлайди. Энг муҳим ўрганган жиҳати эса – мустақил фикрлаш. «Инсон бошқалар таъсирига тушмасдан, ўзи қарор қабул қила олиши керак», дейди у.

У Музработ туманида 12 нафар шахс иштирокида содир этилган безориликка оид жиноий иш унинг касбий маҳоратини яққол намоён этди. Дастлаб гумонланувчилар ўз айбларини қатъиян рад этган бўлса-да, у воқеа жойидаги кузатув камералари тасвирларини сонияма-сония синчковлик билан таҳлил қилиб, ҳодисанинг аниқ хронологиясини тиклашга муваффақ бўлди.


Инкор этиб бўлмас далилларга асосланган профессионал ёндашув натижасида ҳақиқат қарор топди. Уч ой давом этган машаққатли тергов жараёни якунида айбдорларнинг қилмиши тўлиқ исботланиб, қонун устуворлиги таъминланди.

Бундай машаққатли меҳнатдан сўнг инсон руҳан толиқиши табиий ҳол. Катта лейтенант Сирожиддин Худоёров учун бундай пайтларда кучни оиласидан олади. Унинг эътирофича, кун якунида оиласи бағрига қайтиш, бир дастурхон атрофида дилдан суҳбатлашиш – энг самарали руҳий тикланиш усули. Бу эса қаҳрамонимизнинг нафақат яхши мутахассис, балки меҳрибон ота ва оилапарвар инсон эканини ҳам кўрсатади. 


Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,

ўз мухбиримиз.

Сурхондарё вилояти.