Ажаб замонларда яшаяпмиз. Тезкор ва шиддатли ахборот асрида ҳаётимиз ҳам кундалик ташвишларга қоришиб, шошилинч, кўз очиб юмгунча ўтаётгандек. Таассуфланарлиси, ана шу тезкор даврда, кўп ҳолларда, ўзлигимизни ҳам унутиб қўяётгандекмиз...

Яқинда ижтимоий тармоқларда тарқалган бир видео­лавҳа, рости, таъбимни жуда хира қилди. Уч дақиқаю эллик беш сония давом этган ушбу лавҳа аввалида йўл-пат­рул хизмати инспектори ҳайдовчидан тегишли ҳужжатлар номини айтиб, уларни тақдим этишини сўрайди. Ҳайдовчи «Нима у «техпас­порт»? Менда ундай ҳужжат йўқ» дея жавоб беради. Кейин эса инспектордан ҳужжат номини ўзбек тилида айтишни талаб этади. У «техпас­порт»нинг «ўзбекча»сини «автотранспорт воситасини қайд этиш гувоҳномаси» деб талқин қилади. «Ўжар» ҳайдовчи тағин бундай ҳужжат умуман амалда йўқлигини айтиб, оёқ тираб туриб олади. Хуллас, суҳбат шу зайлда давом этади...

Шахсий мулоҳазаларимни баён этишдан олдин айтиб қўя қолай, ЙПХ инспекторини оқлаш ниятим йўқ. Асло! Сабаби, у бугунги кунда тилимиз ўрганиб қолган, мулоқот жараёнида деярли ҳар доим «техпас­порт» дея ишлатиладиган ҳужжатнинг ўзбек тилида расман қандай айтилишини билиши зарур. Бироқ ҳайдовчининг хатти-ҳаракатларини, тутган тутумини ҳам умуман ёқлаб бўлмайди. Чунки унинг қилган иши ички ишлар органлари ходими тимсолида, аввало, бир инсоннинг, бир ҳамюртининг устидан кулишдан бошқа нарса эмас, менимча. 

Қизиқ, гўё ўзини ҳуқуқий билимдон инсон ва (ёки) она тилимизнинг жонкуяридек тутаётган ҳайдовчининг бундай ҳаракатларидан кўзланган мақсад нима? Тирноқ ичидан кир қидириб, йўл-пат­рулъ хизмати ходимининг шаънини ерга уриб, жиғига тегишми ёки... Қолаверса, шу мазмундаги видеолавҳаларни, боз устига, куракда турмайдиган турлича изоҳлар билан ижтимоий тармоқларда тарқатаётганларнинг асл нияти, муддаоси не? 

Ҳа, кишини мушоҳадаги ундовчи, ўйга толдирувчи саволлар кўп. Негаки, кундалик ҳаётимизда жумбоқли саволлар туғдирадиган номақбул, оғриқли ҳолатлар ҳам бисёр. Аммо ҳар қандай муаммоли масалани ижобий ҳал қилиш, ҳар қандай камчилик ва хатони бартараф этиш мумкин. Бунинг учун фақат инсонийлигимизни йўқотмасак, ким эканлигимизни унутмасак, бас. 

Камол ОЛЛОЁРОВ,

«Постда» мухбири.