Шофиркон тумани Тинчлик маҳалласида яшовчи Д.Д.нинг уйига меҳмонхона деразаси ойнасини синдириш орқали номаълум шахс кириб, жавон ичидан 800 минг сўм, 100 АҚШ доллари, сандиқ ичидан эса 5 миллион 800 минг сўм, 150 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни ўғирлаб, жабрланувчига жами 9 миллион 100 минг сўм моддий зарар етказди. Жабрланувчи ўғирлик ҳолатидан хабар топгач, зудлик билан туман Иибга мурожаат қилди.
Мазкур ҳолат юзасидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, кечиктириб бўлмас тезкор суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари олиб борилди. Олиб борилган тезкор-техник, суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни қўшни Ғиждувон туманининг Калон маҳалласида яшовчи, 2000 йилда туғилган Ғ.Ш. исмли шахс содир қилганлиги аниқланиб, ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Ҳозирги кунда ушбу шахснинг худди шу турдаги фош этилмасдан қолаётган жиноятларга алоқадорлигини аниқлаш юзасидан тезкор суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
М.АҲАДОВ,
“Постда” мухбири.
Бухоро вилояти.
