Наврўз байрами арафасида у Президентимизнинг тегишли фармонига асосан афв этилиб, озодликка чиқарилди.
– Қилган хатоларимни тушуниб етдим, – дейди у кўзларида ёш билан. – Энди ҳалол меҳнат қилиб, оилам ва юртим равнақи учун хизмат қиламан. Олийгоҳдаги ўқишимни давом эттириб, малакали шифокор бўлиб етишаман. Бизга шундай имконият яратиб берган юртбошимизга чексиз раҳматлар айтаман.
Фарғона шаҳридаги 10-сонли тергов ҳибсхонасида жазо муддатини ўтаётган 3 нафар фуқаро афв этилиб, оилалари бағрига қайтарилди. Шу муносабат билан ташкил этилган маросимда сўзга чиққан ҳибсхона бошлиғи, подполковник Фарҳоджон Сидиқжонов юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти, инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган эътибор, тинч ва фаровон ҳаёт қадри ҳақида сўз юритди. Шунингдек, афв этилган фуқароларга билдирилган ишончни оқлаш, ҳалол меҳнат қилиш ва жамиятда муносиб ўрин топиш муҳимлигини алоҳида таъкидлади.
– Ўғлим Абдуқодирга берилган бу имконият – биз учун катта неъмат, – дейди Аброржон Абдуллаев. – Энди фарзандимни назорациз қолдирмайман. Унинг тўғри йўлда юриши учун ота сифатида янада масъулиятлироқ бўлишим кераклигини тушуниб етдим. Фарзандим қилган хатоларни кечиргани учун Президентимизга раҳмат айтаман.
1997-йилда Қўштепа туманида туғилган Юрсунали Деҳқонов ҳам жиноятга қўл урганлиги сабабли ўтган йил апрел ойида 3 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган эди. Бағрикенглик ва кечиримлилик тамойили асосида унинг қилмишлари ҳам афв этилиб, ҳалол яшаш имконияти берилди.
– Қонунни менсимаслик қандай оқибатларга олиб келишини ўз бошимдан ўтказдим, – дейди у. – Энг оғири – оила аъзоларим ҳам изтироб чекишди.
Энди эса бутунлай бошқача яшамоқчиман. Менга билдирилган ишончни, албатта, оқлаб, юртимизга, ота-онамга фойдали инсон бўлишга ҳаракат қиламан.
Ҳозирда ушбу фуқароларнинг хонадонида хурсандчилик кунлари бошланди. Энг эътиборлиси, улар афв этилгач, ўз ҳолига ташлаб қўйилмайди. Маҳалла еттилиги томонидан ижтимоий-ҳуқуқий ва тиббий ёрдам кўрсатиш бошланди. Улар такроран жиноятга қўл урмаслиги, тўғри ва ҳалол яшаши учун ҳар томонлама кўмак берилади.
Дарҳақиқат, инсонпарварлик сиёсати нафақат ҳуқуқий, балки чуқур маънавий аҳамиятга ҳам эга.
У халқимизга хос бўлган кечиримлилик, бағрикенглик ва раҳмдиллик каби фазилатларнинг амалдаги ифодасидир. Жиноят қилган, аммо қилмишидан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига ўтган инсонларга иккинчи имконият бериш жамият барқарорлиги ва инсон қадрини таъминлашда муҳим омилдир.
Бугун афв этилган фуқароларнинг кўзларидаги қувонч ва умид – юртимизда амалга оширилаётган инсонпарвар сиёсатнинг энг катта самарасидир. Улар учун бу янги ҳаёт, янги орзулар ва янги имкониятлар эшигидир.
Абдувосит СИДИҚОВ,
ўз мухбиримиз.
Фарғона вилояти.
