Сурхондарё вилояти ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бош инспектори, капитан Азамат Суванов ҳам ана шундай ҳалолликни шиор қилган ходимлардан. У бир эмас, уч маротаба ўзининг хизмат вазифасига содиқлигини намоён этиб, ноқонуний ҳужжат тайёрлаб беришдан бош тортди, тамага қўл урмади. 

Биринчи ҳолат 2023-йил­нинг декабрида содир бўлди. Афғонистон фуқароси Д.Сабир (исм-шарифи ўзгартирилди) 

қарийб 5 йилдан бери ишчи виза асосида оила аъзолари билан биргаликда Термиз шаҳрида яшайди, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келади. У капитан А.Сувановнинг хизмат хонасига бориб, вояга етмаган фарзандига ноқонуний равишда виза расмийлаштириб бериши учун ходимга 800 АҚШ доллари миқдорида пора таклиф қилади. 

Ўз навбатида, капитан А.Суванов унга қонунлари­мизга кўра, ўғли 2023-йил 22-декабрда 18 ёшга тўлишини, шу сабабли ундан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиши учун паспорт визаси талаб қилинишини, шунингдек, пора бериш ва олиш учун жиноий жавобгарлик белгиланганини тушунтиради. 

Д.Сабир шу куни яна қай­тиб келиб, пора таклиф қилади. Ходим унга қайта тушунти­риш беришига қарамай, у бу ҳаракатида давом этади. 

Ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Д.Сабир 

800 АҚШ доллари миқдоридаги пулни пора тариқасида бераётган вақтида қўлга олинди. 

Жорий йилнинг январ ойида бош инспектор А.Сувановга ноқонуний виза муддатини узайтириш учун 200 АҚШ доллари, яна бир ҳолатда 

«Б-2» (бизнес виза) ишга кириш визасини «Э» ишчи кириш визасига алмаштириш учун 2 миллион сўм пул маблағи пора сифатида таклиф қилинади. Аммо бош инспектор биринчи ҳолатдагидек хорижлик фуқароларга бу ҳаракатлари қонунла­римизга зид эканини бот-бот тушунтиришига қарамай, улар таклиф қилишда давом этишади. 

Кейинги иккала ҳолатда ҳам А.Сувановнинг билдиргисига мувофиқ, Афғонистон фуқаролари ушбу пулларни 

унинг хизмат хонасида бераётган вақтида ушланди. 

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА,

ўз мухбиримиз.

Сурхондарё вилояти.