Раҳбарият унга доим ишонч билан топшириқ беради. Натижасидан эса кўнгил тўқ: бекаму кўст бажарилади.
– 30 йилга яқин хизмат фаолиятим давомида жуда кўп ёшларга устозлик қилганман, – дейди вилоят ИИБ ЭКМ бошлиғи, подполковник Умид Халиков. – Соҳага кириб келган ҳамма ходим ҳам моҳир эксперт бўлиб кетолмайди. Аммо Тоҳирхон Иброҳимовда ҳақиқий экспертларга хос хислатларни, касбга садоқатни кўраман. Билмаганини сўрашдан эринмайди. Шу боис хизматда ютуқ ва муваффақиятларни қўлга киритиб бормоқда.
Изланувчан эксперт жорий йилнинг ўтган даврида 88 та экспертиза, 296 та тадқиқот ўтказди. 250 маротаба ҳодиса жойини кўздан кечиришда қатнашди, 353 та тергов ҳаракати ва тезкор-қидирув тадбирида мутахассис сифатида иштирок этди. 2 та жиноятни касбий маҳорати асосида шахсан ўзи фош этди.
«Энг намунали эксперт-криминалист» кўрик-танловининг Бухоро вилоятида ўтказилган Республика босқичида лавҳамиз қаҳрамони фахрли 1-ўринни қўлга киритгани ҳам унинг билим ва салоҳияти, касбий маҳорати тобора юксалиб бораётганидан далолат беради.
Соҳадаги илк хизмат фаолиятини 2018-йилда Фарғона вилояти ИИБ Эксперт-криминалистика марказида бошлаган бўлса, бугунги кунда Марғилон шаҳар Иибда самарали давом эттиряпти.
ИИВ Академиясини тамомлагач, Эксперт-криминалистика марказида иш бошлаганим ютуқларимнинг асосий омилидир, – дейди лавҳамиз қаҳрамони. – Сабаби, бу ерда ўз касбининг устаси бўлган тажрибали экспертлар – подполковниклар Умид Халиков, Нодиржон Абдуназаров, Гулнорахон Мўйдинова каби устозлар билан ёнма-ён ишлаб, улардан соҳанинг нозик сир-асрорларини ўргандим. Шу ерда орттирган тажрибам ва устозлар ўгитлари бугун хизмат жараёнида жуда асқатмоқда.
Тоҳирхон каби фидойи экспертлар ўз устида мунтазам шуғулланиб, назарий билимларини амалиёт билан уйғунлаштириб бормоқдалар. Зеро, изланиш ва интилиш инсонни камолотга етаклайди.
Абдувосит СИДИҚОВ,
ўз мухбиримиз.
Фарғона вилояти.
