Бир аёл дугонасига:
— Вой дугон, кўзларингга нима бўлди, қизариб кетибди?
— Кеча қўшнимизникида жанжал бўлаётган эди. Мен қулф тирқишидан қараб турувдим, ичкаридан кимдир кўзимга бармоғини тиқиб олди.
— Унда иккинчи кўзинг нимага қизил?
— Иккинчи кўзим билан ким бармоғини тиққанини кўрмоқчи эдим.
Халқимиз меҳрини қозонган сўз устаси, қизиқчи, ИИВ Маданият саройи Ашула ва рақс ансамбли ходими, сафдор Аваз ОХУН билан суҳбатимиз ана шундай самимий, қалбга яқин, соф ўзбекона ҳазилларга бой, байрамона кайфиятда бошланди.
– Санъат оламига кириб келишнинг ўзига яраша машаққатлари бор. Кейинги қийинчиликлар ҳам аввалгиларидан кам эмас, албатта. Чунки саҳна ҳар доим маҳорат, тинимсиз изланиш ва масъулиятни талаб қилади. Айниқса, мухлислардан «Янгисидан бўлсин!» деган таклиф тушиб турса...
– Дарҳақиқат, санъат ҳар доим изланишни талаб этади. Агар санъаткор янгиликка интилиб, замонга ҳамқадам бўлмас экан, қатордан қолиб кетади. Мен ҳам санъат оламига қанчалик машаққат билан кириб келган бўлсам, бугун ўз ижодимга, керак бўлса, ҳар бир сўзимга шунчалик масъулият билан ёндашаман. Халқимизнинг «Айтилган сўз, отилган ўқ», ҳикмати бежиз яралмаган. Шу боис ҳар бир гапимнинг мағзини чақишга ҳаракат қиламан ва доим ўйлаб юраман. Фақат ухлаганда ўйламайман (кулади).
– Қизиқчининг устомонлиги ҳар бир сўзининг «тош босиши»дир. Аваз Охунга хос кулгуда бунга қанчалик аҳамият қаратилади?
– Тўғри келган мавзуни тилга олиб, одамларни шунчаки кулдириш ҳавога учган гап билан баробар. Сўз устаси ҳар бир чиқишида халқ ҳаётидан «қайноқ» мавзуни олиб, уни совутмасдан, яна халққа қайтариши керак. Аммо бу шунчаки жараён эмас. Қолаверса, бунда моҳиятни сақлаб қолиб, унга озгина «қалампир» қўшиб, мавзу юкини янада ошириш сўз устасидан катта меҳнат талаб қилади.
Ҳаёт биз ўйлагандек бир маромда давом этмайди. Унда қайғу, шодлик, яхшилик ва ёмонлик бирдек ёнма-ён. Шундай экан, турли тоифа ва характер эгаларига мос сўзни топиб айтиш, санъаткордан нафақат «тош босадиган» мавзу танлаш, балки сўзга заргарона ишлов бериш, инжа санъат соҳиби, нафис сўз устаси бўлишни ҳам талаб этади.
– Жиддий, масъулияти оғир соҳа вакилларини, хусусан, ички ишлар органлари ходимлари, уларнинг хизматини чиқишларингизда тилга олганда кўпроқ нималарга эътибор қаратгансиз?
– Ўзим ҳам ички ишлар органлари ходими бўлганлигим учун тизимнинг ўзига хос жиҳатларидан бохабарман. Хизматларни, ходимларнинг руҳий ҳолатини ҳам яхши тушунаман. Қисқаси, соҳанинг ичидаман. Шу боис ходимларни кулдириш мен учун қийин эмас. Чунки инсоннинг бирор соҳа ҳақидаги тасаввури қанча кенгайса, шунча янги фикр пайдо бўлади. Бу сўз устаси учун янги чиқишга «томизғи» дегани. Қолаверса, сўз устаси учун энг муҳими – ҳар бир соҳанинг ўз гапини топа билиш. Чунки хоҳлаймизми, йўқми, ҳар бир соҳанинг ўз мавзуси, ўз гапи бор.
Масалан, ўқитувчиларга таълим муассасаси билан боғлиқ ёки бўлмаса дарс жараёнидаги турли воқеаларга бир шингил юмор қўшиб айтилгани маъқул. Деҳқонга қишлоқ хўжалиги тўғрисида, талабаларга «олтин давр» билан боғлиқ воқеликлар қизиқ. Хуллас, бунинг учун кўпроқ соҳа ҳақида маълумотга эга бўлиш ва улардаги ютуқлар билан бирга, ўз ўрнида, камчиликларни ҳам сезиб, одамларнинг дардини тушуниб, уни оммага етказишни билиш лозим.
Яна бир жиҳат: қизиқчининг гапида ҳақиқат бўлиши керак. Чунки томошабинни ҳаётий бўлмаган масала, яъни осмондан олинган латифа билан кулдириб бўлмайди. Сўз устасининг ҳақ гапи – томошабин диққатини ушлаб турувчи энг асосий омил. Саҳнага олиб чиқилган мавзунинг ҳаётийлиги сўз устасининг маҳорати билан янада қизиқ кўриниш касб этишини ҳам айтиб ўтишим керак.
– Сизнингча, кулиш осонми ёки кулдириш?
– Вой, тайёр овқатни истеъмол қилиш осонми ёки овқат пиширишми, дегандек гап бўлди-ку (кулади). Албатта, кулдириш қийин-да. Кулги икки хил бўлади. Биринчиси – танқид, иккинчиси – таҳлил ва мақташ. Камчиликларга сатирик ёндашувда ҳам юқорида айтганимдек, ҳаётийлик ва ҳақиқат бўлмаса, унинг томошабинга қизиғи йўқ. Танқидда ҳар бир сўзни ўз ўрнида, сих ҳам кабоб ҳам куймайдиган тарзда ифода эта билиш керак. Таҳлилда эса, ўз навбатида, бир мавзуни чуқур ўрганиб кейин хулоса қилиш муҳим ва у, албатта, асосли бўлиши керак. Кулдиришнинг кулишга қараганда, қийинлиги ҳам шунда.
– Бугун хусусий телеканалларда енгил кулги уйғотувчи, қайсидир маънода, ҳайратланарли турли кўнгилочар лойиҳалар эфирга узатилмоқда. Шундай дастурларга нисбатан баъзи томошабинларнинг меъёр, савия борасида эътироз билдираётганини ҳам эшитиб қоламиз. Айтинг-чи, сиз кулгининг, ҳазил-мутойибанинг меъёрини қандай белгилайсиз?
– Хусусий телеканаллардаги енгил кулги уйғотувчи дастурлар эфир вақтини тўлдиряпти, холос. Охирги пайтларда, учирма «прикол»лар, шахснинг устидан кулиш, шевада гапириш кўпайди, бадиийлик йўқолди. Бундай ҳазилларни телевидениэга олиб чиқиш шартмикин, деб ўйлаб қоламан. Ахир, саломлашиш, кийиниш, гапиришдан тортиб, саҳнада туришнинг ҳам ўзига хос маданияти бор. Қолаверса, саҳнада гапирилаётган гап ўзбекча бўлиши керак. Айримларнинг ижодида эса ғарбга тақлид бор. Ундан кўра, ўзимизнинг дардимиздан гапирайлик. Тўғри, ҳаммада ҳам кимнингдир кўнглини оғритиб қўяман, деган ички «цензура» бўлади. Аммо зўрма-зўраки кулгилардан воз кечишимиз керак.
Энди кулгидаги меъёрга келсак, чойхонанинг гапини саҳнада айтиб бўлмайди. Атрофимизга синчковлик билан назар солсак, қизиқчига мавзу қалашиб ётибди. Фақат изланиш керак. Сўз устаси саҳнада ўз ота-онаси олдида, оила даврасида бемалол айта оладиган латифасини айтиши керак, деб ўйлайман. Ахир, залда ўтирганлар ҳам бировнинг ота-онаси, аёли, синглиси... Энди бунинг қанчалик уддасидан чиқиш, аудиторияни баҳолай олиш, санъаткорнинг фаҳму фаросати ва зеҳну заковатига боғлиқ.
– Доим халқ орасидасиз, баъзан тор, баъзан катта давраларда акс таъсир этувчи томошабинлар ҳам бўладими? Бундай вазиятларда қандай йўл тутасиз?
– Тўғри, ҳаётда бўлгани каби, саҳнада ҳам ҳаммага бирдек ёқиш қийин. Баъзан эътироз ҳам бўлиб туради. Масалан, бир сафар даврадагилардан кимдир, «Ҳадеб аёлларни гапираверасизми?» деб қолди. Мен юқорида келтирган жиҳат, яъни яна ўша кулгидаги ҳақиқатга қайтишга мажбурман. Шундай пайтда тилга олган мавзуимнинг ҳаётий ҳақиқат эканлиги билан асослаб берганман.
– Сиз билан янги йилнинг илк кунларида суҳбатлашяпмиз. Кўп сонли мухлисларингизга қандай тилакларингиз бор.
– Юртдошларимизга, қолаверса, муштарийларимизга, аввало, мустаҳкам сиҳат-саломатлик тилайман. Кириб келган янги йил ниқобсиз юрадиган йил бўлсин. Ҳар бир хонадонда тинчлик-тотувлик ҳукм суриб, дастурхонларида файз-барака бўлсин.
Элимизнинг осуда ҳаёти учун доим сергак, бурчга садоқат ва касбига фидойи осойишталик посбонлари яқинлари бахтига эсон-омон бўлсин.
Барча-барчамизга янги йил хайрли келсин. Мухлисларимизни меҳр-оқибат, табассум асло тарк этмасин. Зеро, биз санъаткорлар халқимизнинг қайноқ меҳридан, оқибатидан куч, юз-кўзларидаги табассумдан завқ, иштиёқ оламиз.
Гулноза ТУРҒУНБОЕВА
суҳбатлашди.
