Қаҳрамонимиз Сурхондарё вилоятининг Музработ туманида туғилган. Отаси Қулсахат ака ва онаси Сайёра опа Завқиддинни тўнғич ўғиллиги туфайли укаларига ғамхўр, оилада эса ёрдамчи қилиб тарбияладилар. Бир куни у онасига рўзғор юмушларида қўмаклашаётганида, қўшниларининг уйидан қуюқ тутун чиқаётганини кўриб қолди. Завқиддин югуриб кўчага чиқса, қўшни аёл – Зилола опа уйи ёнаётганлиги, ичкарида тўрт ёшли ўғли Мансурбек қолганлигини айтиб, ёрдам сўраб ҳар томонга чопар эди. Завқиддин зудлик билан уй ичига кириб, қичқириб йиғлаётган Ман­сурбекни ташқарига олиб чиқди. Шу орада ўт ўчирувчилар етиб келиб, ёнғинни бартараф этишди. 

Ушбу воқеадан сўнг Зилола опа уни қачон кўриб қолса: «Болам­нинг жонига оро кирган болам», – деб алқарди. Онаси эса ҳар тонгда пешонасидан ўпиб: «Илоҳим, элнинг корига ярайдиган инсон бўл!» – деб дуо қиларди. Завқиддин болалигидан ҳарбийларга ҳавас билан қарарди. Спорт билан шуғулланишни ҳам яхши кўрарди. Ҳатто ўсмирлар ўртасида спортнинг шотокан карате-до тури бўйича республикада фахрли 3-ўринни эгаллаганди. 

У 2006-йилда йигитлик бурчини ўтаб бўлгач, ИИВ Халқаро аэропортларни қўриқлаш бўйича қўшинлари сафига шартнома асосида хизматга қабул қилинди. Онаси дуо қилганидек, эл корига яраш бахтига сазовор бўлди. Шунга ҳам мана, 18 йил бўляпти.  

Ҳозирда ёшларга ҳамда хизматга янги қабул қилинганларга ҳарбий ва жанговар машиналарга техник хизмат кўрсатиш, уларни созлаш, кези келганда моҳирлик билан бошқариш сирларини ўргатиб келмоқда. Фидойилиги, касб маҳорати, хизматда эришган ютуқлари учун Ички ишлар вазирининг қимматбаҳо совғалари, «Қўшин аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланган.

Дониёрбек ТУРҒУНОВ, 

ИИ даражали сержант.