Оилавий жанжаллар сурункали тус олгач, Мафтуна эрининг уйига қайтишидан безиллаб қолди. Жанжалсиз ўтган кун унинг учун байрам эди. Охири сабр косаси тўлди. Болаларини олиб отасиникига кетиб қолди. Турмуш ўртоғи ортидан бир неча марта келди, лекин чилпарчин бўлган кўнгил шишасини ямаб бўлмади.
– Эр-хотинни муросага келтириш, яраштириш учун мутасадди ташкилотлар ходимлари ва психологлар билан ҳамкорликда кўп ишладик, – дейди Мирзаобод тумани ИИБ ҲПБ хотин-қизлар масалалари бўйича инспектори, капитан Ирина Худойқулова. – Афсуски, оилани сақлаб қолишнинг иложи бўлмади.
Шундан сўнг Мафтунани иш билан таъминлаш чоралари кўрилди. У ўзи яшаётган маҳаллага туташ Гулистон шаҳридаги йирик озиқ-овқат мажмуасига ишга жойлашди. Лекин топиш-тутиши фарзандларини боқиш учун етарли бўлмади. Шу сабаб судга алимент ундириш учун ариза берди. Судда эри ўзини у ёқдан-бу ёққа ташлаб кўрди. Шунга қарамай, суд унинг зиммасига фарзандлари фойдасига алимент тўлаш мажбуриятини юклади.
Эр қонун талабига беписандлик билан муносабатда бўлиб, болаларига ғамхўрлик қилишдан бош тортди. Шунинг учун Мажбурий ижро бюроси алимент пулларини ундириш билан шуғуллана бошлади. Эрнинг тегишли мол-мулки, расмий даромади бўлмагани боис йиғимни ундириш қийинчилик туғдира бошлади.
Бу масалага туман ички ишлар органлари томошабин бўлиб тура олмасди. Туман ИИБ ходимлари алимент ундириш, яна бир оилавий низонинг ечимини топиш билан жиддий шуғуллана бошланди. Кўп ўтмай, қонун талабларини бажаришдан қочиб юрган эр топилди. Унга қилмишларининг ҳуқуқий оқибати тушунтирилди. Натижада Мафтунанинг фарзандлари фойдасига бирйўла 90 миллион сўм миқдоридаги алимент пули ундириб берилди.
– Кўрсатилган кўмак учун туман Ички ишлар бўлими ходимларига миннатдорлик билдираман, – дейди Мафтуна Илашбоева. – Ундирилган алимент пулини кўп қаватли уйдан квартира сотиб олиш учун бошланғич тўловга тўлаш ниятимиз бор.
Аёллар ва вояга етмаганларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган юқоридаги каби мисолларни яна келтириш мумкин. Зотан, ишга масъулият билан ёндашув туманда осойишталикни сақлашнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилмоқда.
Абдураҳмон МУСТАФОҚУЛОВ,
ўз мухбиримиз.
Сирдарё вилояти.
