Айни пайтда республикамизнинг кўплаб ҳудудлари, жумладан Андижон вилоятининг барча туман ва шаҳарларини қалин туман қоплаган. Айрим жойларда йўлларда кўриниш масофаси 150–200 метргача қисқариб, ҳаракат хавфсизлигига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Бундай об-ҳаво шароитида йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, айниқса, ҳайдовчилардан юқори эҳтиёткорлик ва қоидаларга қатъий риоя этишни талаб қилади.
Зеро, туман пайтида ҳайдовчининг йўлни, олдинда ҳаракатланаётган транспорт воситаларини ҳамда пиёдаларни ўз вақтида кўриши анча қийинлашади. Шу боис хавфсиз ҳаракатни таъминлаш мақсадида қандай чораларга амал қилиш лозим? Ушбу савол билан Андижон вилояти ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ахборот хизмати катта мутахассиси, катта лейтенант Абдумажид Райимжоновга мурожаат қилдик.
– Қалин туман тушган пайтда, энг аввало, ҳаракат тезлигини об-ҳаво ва кўриниш шароитига мос равишда пасайтириш зарур. Чунки чекланган кўриниш масофасида юқори тезликда ҳаракатланиш фавқулодда тўхташ имкониятини камайтиради ва авария хавфини бир неча баробар оширади.
Шунингдек, автомашинанинг яқин ва узоқ ёритгичларини йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ ёқиб юриш, туманга қарши махсус фаралардан фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга. Олдинда ҳаракатланаётган транспорт воситаси билан хавфсиз масофани сақлаш эса кутилмаган тўсиқ ёки ҳолат юзага келганда ўз вақтида тўхтаб қолиш имконини беради.
Туманли об-ҳаво шароитида тўсатдан қатор ўзгартириш, кескин бурилиш ёки қоидага зид равишда қувиб ўтиш ҳаракатлари айниқса хавфли ҳисобланади. Шу сабабли ҳайдовчилар имкони борича барқарор ҳаракатланиб, йўл белгилари, йўл чизиқлари ҳамда светофор сигналларига алоҳида эътибор қаратиши лозим.
Агар кўриниш масофаси янада қисқариб, ҳаракатни давом эттириш хавфли бўлиб қолса, автомашинани йўл четида хавфсиз жойда тўхтатиб, авария ёритгичларини ёққан ҳолда об-ҳаво яхшиланишини кутиш тавсия этилади. Бундай эҳтиёткорлик нафақат ҳайдовчининг, балки йўл ҳаракатида иштирок этаётган барча фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
Саминжон ҲУСАНЗОДА ёзиб олди.
