Самарқанд вилояти ИИБ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси тоғли ва чегарадош ҳудудлардаги тезкор бўлинмалари ходимлари Ургут тумани Торинжак маҳалласида яшовчи Г.М. кўп миқдорда героин гиёҳвандлик моддасини сотиш ва яшаш манзилида сақлаш билан шуғулланиб келаётганлиги тўғрисида тезкор маълумот олган.
Ушбу жиноий фаолиятни фош этиш мақсадида 18 январ куни Ургут туманининг Алгар маҳалласида тезкор тадбир ўтказилди. Тадбир давомида фуқаро Г.М., Ж. исмли шахсга икки дона қоғоз бўлагига қадоқланган героин гиёҳвандлик моддасини сотган вақтида ушланди. Унинг "Дамас" машинаси кўздан кечирилганда, автомашина салонидан 2 дона гугурт қути, 7 дона қоғоз бўлаги ва 1 дона селофан пакетга қадоқланган соф вазни 0,96 грамм миқдоридаги героин моддаси борлиги аниқланган.
Вилоят ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан Ургут тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Замира БОЛТАЕВА,
«На посту» мухбири.
Самарқанд вилояти.
