Қўнғирот тумани «Жаслиқ» посёлка фуқаролар йиғини чегара олди ҳудудларидан бири ҳисобланади. Ҳар куни бу ердан юзлаб инсонлар кириб–чиқишади. Шу боисдан ҳам хизмат олиб бораётган ички ишлар ходимларидан доимо ҳушёрлик талаб қилинади. 

Бу ерда жойлашган Бўстон темир йўл бекати ҳудудидаги вазиятни кузатиш учун айланишга чиққан маёр Атақўзи Қурбанбаевнинг йўловчилар орасида икки аёл эътиборини тортди. Бир қараганда бошқа йўловчилар каби кўрингани билан, уларнинг бири атрофга ҳадик билан қараб қўярди. 

Бундан шубҳаланган маёр А.Қурбанбаев уларнинг нима билан машғул эканлигини текшириб кўришга қарор қилади. У адашмаганди, аёллардан бири ноқонуний валюта айрибошлаш билан шуғулланаётган экан. 

Албатта, бу оддий ҳолатдек кўрингани билан бугунги кунда қалбаки пул маблағлари муомалага кириб келиш эҳтимоли юзага келиши ҳеч кимга сир эмас. Натижада эса, фирибгарларга чув тушиб қолиш мумкин.

Қаҳрамонимиз А.Қурбанбаэв 1983 йили Амударё тумани Манғит шаҳрида таваллуд топган. Дастлабки фаолиятини 2006 йили Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот тумани ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш бўлинмаси милисионери бўлиб ишлашдан бошлайди. 2008-2012-йилларда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Тошкент олий ҳарбий-техник билим юртида таълим олади. 2012–2019 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ 81-сонли, 71-сонли колонияларида тезкор вакил бўлиб ишлайди.

2019-йилдан айни кунга қадар Қорақалпоғистон Республикаси Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси Бўстон бекати бўлинмаси бошлиғи лавозимида ишлаб, тинчлик–осойишталикни таъминлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлашда шунингдек, турли қонунбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишда муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Хусусан, ўтган 2023-йилда ҳудудда фақатгина 2 та ноқонуний валюта айрибошлаш ва 1 та маъмурий жавобгарлик ҳолат аниқланди. 

Азамат ПИРНИЯЗОВ,

Ўз мухбиримиз 

Қорақалпоғистон Республикаси.