Фуқаро Н.Р савдо маркази қуриб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида шаҳар ҳудудидан ер-жой кўриб юрганди. Бир куни Амир Темур кўчасида 150 кв.метр бўш ер борлигидан хабар топди. Таниш-билишларидан шу ер ҳақида сўраб-суриштирди. 

Рўпарасидан чиққан “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиалида лойиҳалаштириш бўлими бош архитектори лавозимида ишлайдиган И.П 300 Ақш доллари эвазига бу масалани ҳал қилиб беришини айтди. У мазкур ерни кадастр палатаси ва архитектура бўлимида ишловчи танишлари орқали ауксион савдосига қўйиб, ҳатто савдода Н. Р.нинг ютиб чиқишини ҳам таъминлашни ўз бўйнига олди.  

Н.Р инсон омилига боғлиқ бўлмаган ауксион тендерида ютиб чиқишига унчалик ҳам кўзи етмади, шекилли, бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар берди. “Учар ҳожатбарор” ваъда қилган хизмати эвазига келишилган 300 Ақш долларини олаётган пайтда Навоий вилояти ИИБ ТҚХ ЖҚБ коррупсия ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбири давомида қўлга олинди. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маҳлиё ХОЛОВА,

“Постда” мухбири.

Навоий вилояти.