– Аввало, шу соҳани танлашингиз қандай бошлангани ҳақида гапирсангиз.
– Уйимиз темирйўл ёқасида бўлган. Кўпчиликка ёқмаса-да, мен учун поездларнинг овози мусиқа оҳангидек хуш ёқарди. Соҳага қизиқишимда ота-онамнинг дуоси ва
ишончи алоҳида ўрин тутган. Онам – Мунира Боқиева «Ўзбекистон темирйўллари» АЖ Тошкент минтавақий темирйўл узели Ховос бекати оператори бўлиб ишлайди. Унинг эгнига формани кийиб, ишга кетишини кўриб, «Мен ҳам ана шундай бўламан», дея орзу қилганман. Шунинг учун мактабни тугатиб, ҳеч иккиланмасдан, Тошкент темирйўл транспорти касб-ҳунар коллежига ўқишга кирдим. Таълим муассасасини тамомлаб, «Ўзбекистон темирйўллари» АЖ Ишларни бошқариш дирексияси Марказий темирйўллар маданият саройида ҳисобчи бўлиб ишлай бошладим. Бир куни хотин-қизларни машинистликка ўқитиш ҳақида эълон чиқди. Бу хабарни эшитгач, орзуларим ушаладиган пайтлар келганидан ич-ичимдан суюниб кетганман. «Феруза, бу сени орзуинг-ку, нега уриниб кўрмайсан?» дедим ўзимга ўзим. Ҳужжатларимни топширдим, бир нечта жиддий синовлардан ўтдим ва 2020-йилдан буён «Афросиёб» электропоездида машинист ёрдамчиси сифатида ишлаб келмоқдаман.
– Иш куни қандай бошланади? Бу кўпчилик учун қизиқ.
– Тонгги соат 04:00 да иш кунимиз бошланади. Аввало, депо навбатчисидан йўриқнома оламиз, сўнг тиббий кўрикдан ўтамиз. Кейин поездни қабул қилиб, техник ҳолатини текширамиз. Вокзалга келтиргач, йўловчилар жойлашади, шундан кейин сафар бошланади. Манзилга етганимиздан кейин дам олиш хоналари бор – у ерда бироз дам оламиз ва яна қайтиш тадоригини кўрамиз. Қисқа қилиб айтганда, фаолиятимиз диққат-эътиборни ва аниқликни талаб қилади, жавобгарлиги катта. Бир зум бўлса-да, ҳушёрликни унутишга ҳаққимиз йўқ. Чунки бу – юзлаб йўловчилар ҳаётига жавоб бериш, катта масъулият демак.
– Ҳам ишни, ҳам оилани бирдек олиб бориш қийин эмасми?
– Тўғри, бизнинг ишимиз асосан йўлларда ўтади. Узоқ вилоятларга борганимизда бир кун у ерда қолишга ҳам тўғри келади. Шундай пайтларда турмуш ўртоғимнинг мени тушуниши ва кўмаги далда бўлади. Ишга бўлган иштиёқим янада ошади. Улар менинг энг яқин таянчим ва суянчим. Аёл киши ўзи ҳаракат қилса, ҳам оиласини ҳам ишини бирдек олиб бора олади. Фақат бунга интилиш керак. Ишдан бўш пайтларимда уйимиздаги барча масъулиятни ўз зиммамга оламан – ширин таомлар тайёрлайман, оилам билан вақтни хуш ўтказишга ҳаракат қиламан.
– Мақсадга қатъият билан интилишингиз натижасини кўриб турибмиз. Сизга ҳавас қилган ёшларга маслаҳатингиз...
– Албатта, ўқиб-ўрганиш, ўз устида ишлаш лозим. Бизнинг ишимизда доимий ўқиб-ўрганиш талаб этилади. Ҳар душанба назарий ва амалий дастурларимиз бўлади, бўш вақтларимда эса соҳага оид адабиётлар ўқиб, интернет орқали янги маълумотлар ўрганиб бораман. Инсон ўз устида тинимсиз ишласа, тўсиқ қолмайди, барча эшиклар очилади. Шу сабаб, тенгқурларим ва ёшларга маслаҳатим – ўқинг, ўрганинг, ҳаракатдан тўхтаманг. Юртимизда имкониятлар катта, улардан фойдаланиш эса ўзингизнинг қўлингизда. Қолаверса, ота-она дуоси ҳамда устозлар ўгити ва маслаҳатлари муҳим аҳамият касб этади.
– Устозларингиз сизнинг касбий ривожланишингизда қандай ўрин тутган ва улардан олган сабоқларингиз?
– Ҳаётдаги устозларим, авваламбор, ота-онам. Ўқишда ва ишда устозларим – Улуғбек Кураков, Рустам Туракулов, Рустам Қаюмов, Сергей Давидов ва Акмал Юлдошевлардан кўп нарсаларни ўргандим. Улар нафақат билим ва тажрибамни оширишда кўмакчи, балки ҳаётда йўл кўрсатувчи, тўғри қарор қабул қилишимда ҳам алоҳида ўрин тутган. Мени бу даражага етишимда уларнинг ҳиссаси беқиёс. Устозларимнинг тажрибаси, меҳри ва талабчанлиги нафақат билим, балки масъулият, қатъият ва интизомни ўргатди. Улардан олган энг катта сабоғим – билим олишдан тўхтамаслик, бугуннинг кечагидан яхшироқ бўлишига интилиш. Ҳаётда яна бир муҳим устоз бор, бу – китоб. Ҳозирги кунда ҳам бир нечта китобларни мутолаа қилсам-да, лекин ёшлигимдан севиб ўқийдиган Пиримқул Қодировнинг «Авлодлар довони» ва «Юлдузли тунлар» асарлари ҳаётимда алоҳида аҳамият касб этган.
– Ҳар бир инсон олдига мақсад қўйиб яшайди. Сизнинг келажакдаги режаларингиз қандай?
– Ҳаётда қадам-бақадам ўз мақсадларим сари интилиб яшаяпман. Энг асосий мақсадим – биринчи тоифали машинист бўлиш. Бу мавқега етишиш юқори малака, масъулият ва доимий ўз устида ишлашни талаб қилади. Шу боис ҳар куни соҳага оид китоблар мутолаа қиламан, интернет манбалари орқали янги технологиялар, замонавий поездлар ва темирйўл соҳасидаги тенденсияларни ўрганиб бораман. Энг катта орзуларимдан яна бири – Испания давлатига бориб, юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлар бўйича малака ошириш. Испания бу соҳада жаҳоннинг етакчи мамлакатларидан бири ҳисобланади.
У ердаги тезюрар поездлар, замонавий машинистлар тайёрлаш тизими ва хавфсизлик стандартлари халқаро миқёсда эътироф этилган. Шу боис мазкур давлатда малака ошириш нафақат тажриба орттириш, балки профессионал фаолиятимда юқори босқичга кўтарилиш имконини ҳам беради.
Ўз мухбиримиз
Сарвар СОБИРОВ суҳбатлашди.
Маълумот ўрнида
Феруза Боқиева 2000-йилда Сирдарё вилояти Янгиер шаҳрида таваллуд топган. 2018-йилда Тошкент темир йўл транспорти касб-ҳунар коллежини тамомлаган. Иш фаолиятини шу йили «Ўзбекистон темирйўллари» аксиядорлик жамиятининг Ишларни бошқариш дирексияси Марказий темирйўллар маданият саройи ҳисобчиси лавозимидан бошлаган. 2020-йилдан «Афросиёб» юқори тезюрар электропоезди машинисти ёрдамчиси. 2023-йилда «Ёшлар куни» муносабати билан Президентимизнинг фармонига асосан, «Келажак бунёдкори» медали билан мукофотланган.
