Самарқанд шаҳрида яшовчи Салом Холдоров (исм-шарифи ўзгартирилди) катта бойлик орттириш илинжида одамларнинг ишончини поймол этди. У дастлаб «Муҳаммад Али Сторй Сервис» номли МЧЖ корхонасини очади. Сариосиё туманида «Лутфикор» маҳалласи ҳудудида жойлашган «Янги Ўзбекистон» массивидан ауксион орқали уй-жой қуриш учун ер майдони сотиб олади. Бироқ тегишли тартибда рўйхатдан ўтмайди. Боз устига, тураржой биноси қурилишини бошлаш учун тегишли хулоса олмай, фуқароларнинг ишончига киришга уринади. 

Ишни уй олиш истагида юрган маҳаллий аҳоли вакилларини излашдан бошлайди. Улардан бири – тумандаги «Бўйрапўш» маҳалласида яшовчи Одил Ҳакимовга 6 ой муддат ичида тураржой биносини тўлиқ қуриб топширишни ваъда қилиб, алдаб, ишни гўёки иқтисодий низо тариқасида кўрсатиш мақсадида, шартнома имзолатиб олади. Шундан сўнг қу­рилмаган уй-жой учун О.Ҳакимовдан 437 миллион 100 минг сўм миқдоридаги нақд пулни олади ва бу маблағни корхонанинг банк ҳисоб­рақамига кирим қилмасдан, шахсий манфаати йўлида ишлатиб юборади. 

Табиийки, бугун уй-жой оламан деган харидор кўп. Айниқса, арзон нархда уй-жой излаб юрганлар қанча. Шундай фуқаролардан бири «Янги ҳаёт» маҳалласида яшовчи Ирода Жаниева ҳам С.Холдоровнинг тўрига илинади. Унга ҳам 6 ойда қурилиш ишлари якунланишини айтиб, уй-жой нархини 300 миллион сўмга келишади. Пулнинг бир қисмини бошланғич тўлов учун тўлаш кераклигини айтиб, аёлдан 54 миллион 860 минг сўм нақд пул маблағини олган уддабурон «қурувчи» шу заҳоти ғойиб бўлади. 

Содда одамлар йиққан-терган пулини ҳужжатларни текширмай, алдовларга учиб, осонгина олиб келиб бераётганини кўрган Саломнинг нафси ҳакалак отади. У иш бошқарувчиси Ҳамро Ғуломов билан бирга, алдов йўли билан нақ 22 нафар кишининг ишончига киради ва уларнинг 2 миллиард 414 миллион 524 минг сўм пул маблағини сохта шартномалар орқали ўзлаштириб олади. 

Пулларини бериб қўйиб, қурувчини ҳам, уй-жойини ҳам тополмай сарсон бўлган фуқароларнинг борар манзили Узун тумани ИИБ бўлди. Тергов гуруҳи терговчилари ишга киришгач, барчаси ойдинлашди. Тўғри, фирибгарнинг қилмишларини бирма-бир исботлаш осон бўлмади. Аммо терговчилар буни уддалашди. Фирибгарларга қонунан чора кўрилишига эришилди. 


Ҳақназар САФАРОВ,

маёр. 

Феруза РАҲМОНҚУЛОВА, 

ўз мухбиримиз.

Сурхондарё вилояти.