Республика ихтисос­лаш­тирилган руҳий саломатлик 

илмий-амалий тиббиёт мар­кази­нинг Жиззах вилояти филиалида даволанаётган бу инсон ўғирлик сабаб қамалган, ҳозирда гиёҳ­вандликдан даволаниш учун бу ерга келтирилган. Ўғирликка эса заҳри қотилга етадиган пул топиш мақсадида қўл урганини ҳам яшириб ўтирмади. Афсуски, муассасада гиёҳ­вандликдан даволана­ётган ҳар бир шахснинг мана шундай аянчли ўтмиши, қайғули тарихи бор. 

– Дангалини айтаман, мен ҳаётда кўп нарса йўқотдим, одамлар менинг аҳволимни би­лишсин, фақат исм-ша­рифимни айтманг, илтимос, – дея гап бошлади яна бир суҳбатдошим. – Ҳаммасига ўзим айбдорман. Ота-онам яхши инсонлар эди. Отам ҳайдовчи эди, онам уй бекаси. Мен ўртанча ўғил эдим. Синфдошлар билан аввал сигарет че­киб кўрдик, сўнгра нос. Бар-кафеларга борганимизда биздан тўрт-беш ёш катта йигитлар наша че­киб кўришни таклиф қилиш­ди. Пул топиб сотиб олдик. Таъми ёқ­ди, охир-оқибат унинг қулига айландик. Мен ота-онам­нинг гапларига қулоқ солмадим. Улардан яшириб истеъмол қилиб юрдим. Уйла­ниб, болалик бўлганимда ҳам ақлим кирмади. Оилам билан ажрашдим. Бир нафар фарзандимни тирик етим қилдим. Ака-укам, опа-синглим билан юз кўрмас бўлдим. Сабаби улардан дори учун бир неча марталаб қарз олиб бермай кетдим. Кейин улар қарз бермай қўйишди... 

Энди бу кўчага яқин йўламайман. Аммо қани ота-ю она? Қани севимли ёрим, ширин фарзандим? Жон-жигарларим? Энди қирқ ёшга кираяпман, тузалмас дардга чалиниб, умрим охирлаб бораётганини ҳам сезаяпман. Мендан нима қолади?... (кўзига ёш қалқиди).

– Бу йигит асли Тошкент шаҳридан. Гиёҳванд­лик сабаб туғилган уйи­дан чиқиб кетган. Жиззах шаҳрида ноилож мардикорлик билан кун кечираётган вақтида гиёҳ­ванд эканлиги аниқланиб, ички ишлар ходим­лари томонидан маж­бурий тарзда даволанишга жалб қилинган. 98 ўринга мўлжалланган шифохонада беморлар алко­голизм, гиёҳ­вандлик ва заҳарванд­ликдан даволанишади. Бу ерда тиббий, психологик ва ижтимоий чораларнинг ҳар бири ўз аҳамиятига эга. Энг муҳими, умидсизликка тушмаслик, дардни яширмасдан, ундан халос бўлиш учун интилиш керак. Даволаса бўладиган дард бу. Инсон ўзининг метин иродаси билан ҳар қандай дардни енга олади, – дейди Жиззах вилояти ИИБ ЖХХ ҲПБ Вояга етмаганлар ва ёшлар билан ишлаш гуруҳи муҳим топшириқлар бўйича инспектори, капитан Ўролбек Абдуазимов. – Бугунги кунда мазкур муассасага жорий йилнинг икки ойи­да 33 нафар гиёҳвандлик ва спиртли ичимликка ружу қўйган шахслар мажбурий даволанишга жойлаштирилди. Уларнинг нафақат тиббий йўл билан, балки кучли ирода ва психологик қўллаб-қувватлаш орқали даво топишлари учун ҳамкорликда чоралар кўрилмоқда.

«Ёшлар орасида ги­ёҳвандлик ва психотроп моддалар тарқалишининг олдини олиш» комплекс тезкор-профилактик тадбирлари давомида таълим муасса­салари ва аҳоли ўртасида спорт мусобақалари, учрашувлар, семинарлар, баҳс-мунозаралар ташкил этиляпти. Гиёҳвандликнинг аянчли оқибатларини ёритиш йўли билан тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Вилоятда мавжуд 565 та умумтаълим мактаби, 31 та техникум, олий таълим муассасаси ва 304 та маҳаллада ёшлар орасида гиёҳвандликнинг олдини олишга қаратилган тарғибот тадбирлари, давра суҳбати ва учрашувлар ўтказилди. Олий таълим муассасалари талабаларининг Жиззах шаҳридаги 29-сонли манзил-колонияга ташрифи уюштирилиб, наркожиноятлар содир этган шахсларнинг қисмати ҳақида жонли мисоллар келтирилди. Жараёнда гиёҳвандликнинг оғир оқибатлари, мудҳиш асоратлари ҳақида таъсирчан тушун­тиришлар берилиб, токсикомания ва кучли пси­хотроп дори воситалар занжири гиёҳвандликка етаклаши уқтирилмоқда. Шунингдек, таниқли шахслар иштирокида челленжлар ўтказилиб, ижтимоий тармоқлар орқали кенг ёритилаяпти. Тарғиботнинг барча таъсирчан чоралари­ни кўриш орқали ёшларни ушбу иллат таъсиридан сақлаш – асосий мақ­садимиз. 

Муқаддас 

САПАРОВА,

ўз мухбиримиз.

Жиззах вилояти.