Халқимизнинг ризқу насибаси саналган дон маҳсулотларини фермерларимиз ва деҳқонларимиз захматли меҳнат эвазига етиштиришади. Ҳамюртларимизга ун маҳсулотларини белгиланган талаблар асосида ва қулай нархларда етказиб берилишини назорат қилиш, турли талон-торожликларнинг олдини олиш вазифаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар зиммасига юклатилган. Айни вазифани бажариш мақсадида Навоий вилояти ИИБ ЖҚБ Коррупсия ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан назорат ва рейд тадбирлари мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Яқинда Навоий шаҳри ҳудудида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Т.Ҳ бошқарувида бўлган “Исузи” русумли юк машинаси шубҳа остига олиниб кузатилди. Ушбу автоуловда давлат буюртмаси асосида ажратилган, “Навоий дон маҳсулотлари” Аждан “Зарафшон озиқ-овқат инвест” ХК номига расмийлаштирилган 200 та қопда 10 тонна ун бор эди. Ҳайдовчи унни юк хати асосида олиб чиқиб, Зарафшон шаҳри “Қурувчи” маҳалласига келтириши керак эди.
Аммо қопдаги унлар Навоий шаҳри Лочин маҳалласи ҳудудида жойлашган новвойхонанинг омборхонасига туширилаётгани аниқланди. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш керакки, ички ишлар органлари ходимлари томонидан ушбу ун маҳсулотлари белгиланган манзилга етказиб берилиши ҳамда аҳолига тарқатилишини таъминлашди.
Маҳлиё ХОЛОВА,
“Постда” мухбири.
Навоий вилояти.
