Умримиз синовларга тўла. Ҳар биримиз ҳаётнинг турфа имтиҳонларига дуч келамиз. Ўша дамларда биз бугун отланган йўлларни аллақачон босиб ўтган, ҳаётнинг пасту баландини яхши билган, бой тажриба тўплаган фахрийларимизнинг ёрдамига, доно маслаҳатларига эҳтиёж сезамиз. Зеро, қайси соҳада бўлмасин, уларнинг маслаҳатларисиз ижобий натижаларга эришиш мушкул. 

ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментида ҳам узоқ йиллар эл-юрт осойишталигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшган фахрийларимиз, қадрли устозларимиз талайгина. Улар иштирокида «Уч авлод учрашувлари» мунтазам ўтказиб келинмоқда. Бундай хайрли тадбирлар ёш ходимларни юксак ватанпарварлик, бурчга садоқат руҳида тарбиялашда катта аҳамият касб этмоқда. 

«Кексалар учун туризм ойлиги» доирасида фахрийларимиз Иивга қарашли «Оқтош» оромгоҳида мароқли ҳордиқ чиқаришди. Саёҳат давомида улар ўзаро дилдан гурунглашиб, хизмат даврларини, бошидан кечирган қийинчиликларни, қизиқарли ва ибратли воқеаларни ёдга олишди. 

– Шогирдларимизнинг бизга кўрсатаётган юксак эътиборидан чексиз мамнунмиз, – дейди истеъфодаги полковник Равшан Сариков. – Она юртимиз тинч-лиги, халқимиз осойишталиги йўлида озми-кўпми хизмат қилдик. Маҳаллада ёки ички ишлар органларида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирларда қатнашиб, ёшларга насиҳат қилиб, йўл-йўриқ кўрсатяпмиз. Ҳаётимиз давомида тўплаган тажрибаларимизни улар билан ўртоқлашяпмиз. 

Кексаларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, уларнинг дуосини олиш, панду насиҳатларига амал қилиш кеча ёки бугун пайдо бўлган қадрият эмас. Булар ота-боболаримиздан ўтиб келаётган кўҳна урф-одатларимиздандир. Қолаверса, бу ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, бурчга садоқат ва фидойилик сифатларини камол топтиришда муҳим омил ҳисобланади. 

Гапур КУРАМБАЕВ,

полковник.