Юртимизнинг барча гўшаларида бўлгани каби, Қорақалпоғистон Республикасида ҳам ёш, истеъдодли ходимлар кўпчиликни ташкил этади. Улардан бири Нукус шаҳар бўйича ИИОФМБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими вояга етмаганлар ва ёшлар билан ишлаш гуруҳининг вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологи, лейтенант Азиза Байжигитовадир.
У ўқувчилик йилларидаёқ, спортда эришган ютуқлари боис Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланди. Орадан бироз вақт ўтиб эса каратенинг WКФ йўналиши бўйича ўтказилган Ўзбекистон кубоги мусобақасида фахрли 1-ўринни қўлга киритди. Азизанинг бу каби ғалабаларга эришишида унга барча шароитларни яратиб берган ота-онасининг ўрни беқиёсдир.
Спортдаги муваффақиятлари туфайли ИИВ Академиясига имтиёзли равишда қабул қилинган Азиза қунт билан билим олди. Айни пайтда устозларининг беминнат кўмагида касб сир-асрорларини ўрганиб келаётган қаҳрамонимиз уларнинг ишончини оқлашга ҳаракат қилаётир.
– Болалигимда спорт билан мунтазам шуғулланиб, чемпион бўлишни орзу қилардим. Кейинчалик орзуларим янада кўпайди. Улардан бири эгнимга ички ишлар органлари либосини кийиб, она Ватанимиз осойишталигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшиш эди, – дейди у. – Оллоҳга шукур, бу орзуимга ҳам эришдим. Айни пайтда болалар билан ишлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиш, тарбияси оғир болаларни тўғри йўлга солиш асосий вазифамга айланган. Бу борада ота-оналар, мактаблар жамоаси менга яқиндан ёрдам беряпти.
Лейтенант Азиза Байжигитованинг елиб-югуриши, жонсараклиги бесамар кетмаяпти. Дарсларни кўп қолдираётган, хулқи яхши бўлмаган, тарбиясида кемтиклик бўлган болалар яхши томонга ўзгариб, ҳуқуқбузарликларга ўрин қолмаяпти.
Ватанимизнинг эртанги куни эгалари бўлмиш ёш авлод ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва унга қарши курашишда фидойилик билан хизмат қилаётган соҳамиз маликасига келгуси фаолиятида ҳам улкан зафарлар тилаймиз.
Ўз мухбиримиз.
Қорақалпоғистон Республикаси.
