Қарор ва ижро

Инсон қачон хотиржам бўлади? Ўз уйида фарзандлари билан тинчгина умргузаронлик қилсагина ҳаловат топади. Хўш, бугун ушбу долзарб масалага нима учун давлат миқёсида аҳамият қаратиляпти. Чунки инсонни қадрлашнинг биринчи омили ҳар бир оила учун уй-жой, муносиб турмуш шароитини яратишдир.

Бир пайтлар уй олиш, болаларини ватанли қилиш ота-онанинг энг катта ташвиши бўлган. Ҳозирги кунда бу муаммо секин-аста бартараф этилмоқда. Республикамиз бўйлаб, катта-катта массивлар пайдо бўлмоқда, кўп қаватли уй-жойлар барпо этилмоқда. Хусусан, Ички ишлар вазирлиги тизимларида фаолият юритаётган ходимлар учун ҳам ана шундай уйлардан ажратилмоқда. 

ИИВ Тиббиёт бошқармаси канселярия бошлиғи, сафдор Гулчеҳра Гаффарова ҳам турмуш ўртоғи Фарҳод Комилов ва уч нафар фарзанди билан қайнотасининг уйида истиқомат қилиб келади. Бир уйда бир нечта оила. 

Шунинг учун Г. Гаффарованинг уй-жой билан таъминлаш масаласида мурожаатлари кўриб чиқилиб, жорий йилнинг апрел ойида унинг оиласи учун янги қурилаётган кўп қаватли уйлардан ипотека кредитлари асосида, имтиёзли равишда хонадон бериладиган бўлди.

– Уй берилиши тўғрисидаги хабарни эшитганимдаги ҳолатни тасвирлаб бера олмайман, – дейди Г. Гаффарова. – Ахир қачонлардан бери бу кунни кутиб келаётгандик. Айниқса, фарзандларимнинг хурсандчилигини кўрсангиз. Турмуш ўртоғим ҳам, қайнота-қайнонам ҳам жуда мамнун. Шартномани қўлга олган куним, қайнотам Президентимиз ва вазирлик раҳбариятини узоқ дуо қилдилар. 

– Ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда, – дейди ИИВ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти Ижтимоий ҳимоя бошқармаси етакчи мутахассиси, подполковник Самихон Холмирзаев. – Ички ишлар органлари шахсий таркибини ижтимоий ҳимоя қилиш, яшаш шароитини яхшилаш йўналишида 2022 йилнинг ўтган даври давомида ҳам бир қанча ходимлар уйли бўлишди, шунингдек, ижарада турувчиларга ижара пуллари тўлаб берилди. Бу йўналишдаги ишлар давом эттирилмоқда.

Маёр Ҳабибжон Қурбонов ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Жамоат тартибини сақлаш хизмати катта инспектори. У Сурхондарё вилоятида таваллуд топган.

Узоқ вилоятдан келган ходим учун биринчи навбатда яшаш шароити муаммоси кўндаланг туради. У оиласи билан бир хонадонни ижарага олиб яшай бошлади. Хонадон эгаси билан ижара шартномаси тузилиб, унинг пуллари ИИВ томонидан тўлаб берилмоқда. Ҳ. Қурбонов келгусида ўз уйига эга бўлиш учун ҳам ариза топшириб қўйган. 

Ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш бошқа йўналишларда ҳам амалга оширилмоқда. Хусусан, ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари бўйича марказий ва ҳудудий комиссиялари томонидан бетоб ходимларга, уларнинг бетоб яқин қариндошларига, автокредит олиш, санаторий-муассасаларида даволаниши ҳамда дам олиши, тўй-дафн маросимларини ўтказиши учун ҳам маблағлар ажратилмоқда. Шунингдек, самарали натижаларга эришганлиги учун ходимларга моддий ёрдам ажратилиши бўйича амалий ишлар ташкиллаштирилмоқда.

Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг таг замирида ҳамма нарса инсон учун, унинг манфаатлари учун, деган эзгу ғоя ётибди. Бундай ислоҳотлар инсон қадрини янада улуғлаш ва давлатимиз равнақи йўлида хизмат қилади, албатта.

Сарвар СОБИРОВ,

«Постда» мухбири.