Ички ишлар вазирлиги Қоровул қўшинларига қарашли Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган 7534-сонли ҳарбий қисмда ҳам ана шундай эзгу мақсадли Ватан ҳимоячилари хизмат олиб боради. Мазкур қисмнинг 1-баталёни назоратчилар взводи фақатгина аёл ҳарбий хизматчилардан ташкил топган.
Бу ерда ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний ва жанговар тайёргарлигини ошириш учун барча шарт-шароит ва қулайликлар яратилган. Муддатли ҳарбий хизматчилар билан амалий ва назарий машғулот ўтиш ҳамиша эътибор марказида. Ўқув хоналари, кутубхона, маънавият хонаси, ётоқхона, ошхона ва бошқа маиший хизмат кўрсатиш хоналари замон талаблари даражасида жиҳозланганлигини алоҳида эътироф этиш жоиз.
– Бугун дунёда юзага келаётган зиддиятли вазиятлар ҳар бир ҳарбий хизматчини юрт тақдирига дахлдорлик туйғусини ҳар қачонгидан чуқурроқ ва кенгроқ ҳис этиш, жанговар тайёргарликни тинимсиз ошириб боришга ундайди, – дейди ҳарбий қисм тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўлинмаси бошлиғи,
маёр Акмал Кадиров. – Бунда жанговар шайлик ва юксак маънавий салоҳият юрт ҳимоячилари учун бирдай зарурлигини унутмаслигимиз керак. Зеро, юрагида она юртига муҳаббат туйғуси билан билагида кучи бирлашган Ватан ҳимоячисини енгиб бўлмайди.
Дарҳақиқат, буни мазкур қисм шахсий таркибининг нуфузли спорт мусобаларида қўлга киритаётган юқори натижалари мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Айни пайтда ҳарбий қисмда 8 нафар жаҳон чемпиони, 17 нафар Осиё чемпиони, 34 нафар Ўзбекистон чемпиони хизмат олиб боради. Бу ютуқлар тобора янгилари билан бойиб бормоқда. Хусусан, қисм вакиллари жорий йилнинг 25–30-сентабр кунлари Урганч шаҳрида бўлиб ўтган спортнинг «Универсал жанг» тури бўйича жаҳон чемпионатида яккалик баҳсларда тегишли вазн тоифасида муносиб натижалар қайд этиб, умумжамоа ҳисобида фахрли биринчи ўринни эгаллаб, кубок билан тақдирланишди. Шунингдек, яқинда жисмоний тайёргарлик ва махсус ҳарбий синовлардан муваффақиятли ўтган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар «Алвон берет» соҳиби бўлишди.
Зиммасидаги вазифаларни тўкис адо этиб, билдирилган ишончни оқлаб келаётган Ватан ҳимоячилари доим давлатимиз томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаб келинмоқда. Жумладан, 141 нафар ҳарбий хизматчи ипотека кредити асосида ҳамда 268 нафари дастлабки бадал пулини ўз ҳисобидан амалга ошириб, арзон нархларда уй-жой билан таъминланди. Шунингдек, ҳар йили ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига олий таълим муассасаларига имтиёз асосида ўқишга кириш имконини берувчи тавсияномалар бериляпти.
Ватан ҳимояси – муқаддас бурч. Сўзимиз сўнгида, шарафли бурчга содиқликни юксак касбий маҳорати ва фидойилиги билан намойиш этиб, намунали хизмат қилаётган юрт ҳимоячиларининг ялови ҳамиша баланд бўлсин, деймиз.
Гулноза ТУРҒУНБОЕВА,
ўз мухбиримиз.
Абу КЕНЖАЕВ
олган суратлар.
