ИИВ Малака ошириш институти доимий ва ўзгарувчан шахсий таркибнинг маънавий-маърифий онгини ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Малакали кадрлар тайёрлашнинг муҳим шарти бўлган ушбу жараёнда танаффус бўлишига йўл қўйилмай, узвийлик таъминланмоқда. Институтда «Уч авлод учрашувлари»ни ўтказиш хайрли анъанага айланган. Фахрийлар иштирокидаги бундай тадбирлар ёш ходимларни Ватанга муҳаббат, бурчга садоқат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этяпти. Жамоамиз вакиллари илк бор Республика миқёсида ўтказилган «Заковат» интеллектуал ўйинида муносиб тарзда иштирок этиб, ўзларининг чуқур билим ва салоҳиятларини намоён қилдилар.
Ўз юртининг тарихини яхши билган, халқининг шонли ўтмиши билан фахрланган инсон унинг келажаги ҳақида қайғуради. Музейлар эса мозийдан сўзлайди. Жорий йилда Малака ошириш институти ходимлари ҳамда тингловчилари бир неча бор пойтахтимизда жойлашган музейлар ҳамда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудидаги зиёратгоҳларда бўлишди.
Санъат инсонни тарбиялайди, унинг маънавиятини юксалтиради. Зеро, жадид боболаримизнинг етакчиси Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳазратлари «Театр – ибратхонадир» деб бежиз айтмаганлар. Шунинг учун ўтган давр ичида таълим муассасамиз тингловчилари 20 мартага яқин театр ва маданият саройларида бўлиб, саҳна асарларини томоша қилишди. Шу ўринда «Намунали оила» кўрик-танловининг вазирлик Марказий аппарати ходимлари ўртасидаги босқичида Институтимиз вакиллари фахрли иккинчи ўринни эгаллаганлигини мамнуният билан қайд этишни истардим.
Айни пайтда жамоамиз ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ички ишлар органларида хизмат қилишга қизиқтиришга ҳам муносиб ҳисса қўшяпти. Ана шу мақсадда Тошкент шаҳрининг Бектемир туманида жойлашган бир қатор ўрта умумтаълим мактаблари битирувчи синф ўқувчилари учун бир неча бор «Очиқ эшиклар куни» ўтказдик. Бундан ташқари, институт ходимлари томонидан пойтахтимизда ва Тошкент вилоятида жойлашган ўрта таълим мактабларида кўргазмали ўқув машғулотлари ташкил этилди.
Спорт мусобақалари шахсий таркибнинг жисмоний ва жанговар тайёргарлигини ошириши кундай ойдин ҳақиқат. Шунингдек, спорт ўйинлари ходимларимизнинг иродасини мустаҳкамлаб, ғалабага интилишини, жамоавий руҳини кучайтириши ҳам бор гап. Шу боисдан институтимиз тингловчилари Осиё, Ўзбекистон ва Тошкент шаҳри миқёсидаги спорт мусобақаларида муносиб иштирок этиб келишяпти. Улар муросасиз баҳсларда 22 та медални қўлга киритишди. Шундан 11 таси олтин, 6 таси кумуш ва 5 таси бронза медалларидир.
