Ҳарбий хизматни Фарғонадаги халқаро аэропортда аъло даражада ўтаган лавҳамиз қаҳрамони 2019-йили Россия Федерацияси ИИВ ҳузуридаги Белгород юридик институтига ўқишга қабул қилинди. Ҳуқуқшуносликнинг назарий сирларини пухта ўзлаштирган Фирдаус Панжиев юртга қайтганидан сўнг Сирдарё тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими суриштирувчиси лавозимида хизматни бошлади. 

Албатта, бошида қийин бўлди. Россиянинг ўрмонга чулғанган шаҳрида ўргатилган казуслар, жиноятни очишга оид семинарларда у доим фаол бўларди. Лекин назария бошқа, амалиёт бошқа экан. Шунинг учун ёш лейтенант талабалик йиллари амалиётга келганида танишган Янгиер шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси, подполковник Ҳабиб Бозоровдан маслаҳат сўраб турадиган бўлди. Устозлар кўмагида суриштирув-тергов сирларини тез ўзлаштира бошлади. 

Ўтган йил июн ойида Сирдарё тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлимига терговчи этиб тайинланган катта лейтенант Фирдаус Панжиевнинг масъулияти энди янада ошган. 

Яқинда ёш терговчи томонидан фирибгарликка оид жиноят иши муваффақиятли фош этилди. Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи Ж.Н. Сайхунобод туманидаги хизматдош дўсти С.Э. билан ўзаро тил бириктириб фуқаро К.А.нинг ишончига киради. Улар 2 кишига ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб беришни ваъда қилиб, жами 800 АҚШ доллари миқдорида пул олишади. Орадан олти ойлар ўтгач ҳам ваъда бажарилмагач, фуқаро К.А. Сирдарё тумани Иибга мурожаат қилади. Ариза асосида жиноий иш қўзғатилиб, юқоридаги икки шахс топиб келтирилади. Тергов-суриштирув жараёнида улар ўз айбларини тан олишига тўғри келди. Бунда анчагина шаклланиб, тажрибаси ортган Фирдауснинг қатъияти катта рол ўйнади. 

Абдураҳмон МУСТАФОҚУЛОВ,

ўз мухбиримиз. 

Сирдарё вилояти.