Қадим замонда бир олим қуёш соатини ихтиро қилибди. Шаҳарнинг ўртасидаги майдонга узун қозиқ қоқиб, одамларга ундан фойдаланишни ўргатибди. Одамлар соатдан фойдаланишни ўрганганларидан кейин ҳаётлари тартибга тушиб, ишлари ва топиш-тутишларида барака пайдо бўлибди.
Орадан йиллар ўтиб, олим дунёдан ўтибди. Шаҳар аҳолиси қуёш соатини олимдан қолган ёдгорлик сифатида сақлаб қолиш мақсадида атрофини ўраб, устига чиройли гумбаз қуришибди. Лекин ишни тугатиб қарашса, соат энди вақтни кўрсатмай қўйибди. Қилган ишларидан афсусланишибди, аммо иншоотни бузишни исташмабди.
Орадан кунлар ўтибди, одамлар энди бу ерга кам келадиган бўлишибди. Чунки бунинг фойдаси йўқ эди. Улар аста-секин соатни унута бошлашибди. Кунларидан ва ишларидан барака кетибди, сабаби улар вақтнинг қадрини эсдан чиқаришибди.
Эй фарзанд, билгинки, ҳар бир нарсанинг қадр-қиммати унинг келтирган фойдаси билан белгиланади.
«Тарбия китоби»дан
