«Ватан менинг тақдиримда» мавзусида Ички ишлар вазири маслаҳатчиси, генерал-полковник Зокиржон Алматов иштирокида Ўзбекистон Миллий метрология институти ёшлари билан учрашув бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Инвестисиялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ташаббуси билан ташкил этилган учрашувда Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев, ИИВ Фахрийлар кенгаши аъзоси, истеъфодаги полковник Абдуғофур Саттаров иштирок этди.

Миллий метрология институти директори Лазизбек Саидорипов меҳмонларни институт ёшлари томонидан тайёрланган инновасион ишланмалар ва мобил лабораториялар билан таништирди. Ўз навбатида халқ севган санъаткор Ёдгор Саъдиев Ўзбекистонда кечаётган конститусиявий ислоҳотларнинг аҳамияти, аҳолининг, айниқса ёшларнинг ҳуқуқий ва сиёсий маданиятини мустаҳкамлашга қаратилган ўзгаришлар ҳақида гапирди.

Тадбир давомида Зокиржон Алматов «Ортда қолган таҳликали кунлар» номли китоби ҳақида тўхталиб, унинг ёзилиш тарихи, китобда акс этган муҳим воқеалар, таҳликали кунлар юзасидан маълумот бериб ўтди. Ўша кезларда бўлиб ўтган эврилишлар тўғрисида сўзлаб бериб, ҳаётий хулосаларини айтиб ўтди. Ёшларни ватанпарвар бўлишга, билим олишга, аждодларга муносиб авлод бўлишга чақирди.

– Ўзбекистон эндигина мустақил бўлган пайтдаги таҳликали йилларда Ички ишлар вазири бўлган Зокиржон Алматовнинг мамлакатда осойишталикни сақлаб қолиш, жиноятчиликка қарши кураши борасидаги фаолияти кўпчиликни қизиқтириши табиий, – дейди Инвестисиялар, саноат ва савдо вазирининг маслаҳатчиси Наибахон Мамадалиэва. – Бугун шахсан Зокиржон Алматов билан учрашиб, ўша кезларда бўлиб ўтган турли мураккаб вазиятлар, мамлакатда авж олган уюшган жиноятчиликнинг йўқотилиши, халқ осойишталигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида у кишининг ўзидан кўп маълумотларни олдик. Истиқлолга осонликча эришилмагани, сақлаб қолинмаганига яна бир карра гувоҳ бўлдик.

Ўз мухбиримиз.