– Айни пайтда Пастдарғом туманида 383 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади ва уларнинг 190 минг нафарини хотин-қизлар ташкил этади, – дейди қаҳрамонимиз. – Ушбу ҳудудда хизмат бошлаган дастлабки кунларим қишлоқ аёллари билан қандай мулоқот қилиш, қандай тиллашиш кераклиги ҳақида кўп ўйлардим. Устозим, ҳозирда Иштихон тумани Иибда фаолият олиб бораётган капитан Ғулом Маҳмудовнинг ҳар қандай шароитда ҳам ходим вазиятни тўғри баҳолаши ва тезкорликда ечим топиши кераклиги борасидаги маслаҳатларига амал қилдим. Маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари, отинойилар ва бошқа соҳавий хизмат ходимлари билан ҳамкорликни йўлга қўйдик. Ва бу аста-секин ўз самарасини бера бошлади.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, ҳудудда ўтган 2023-йил давомида 115 нафар хотин-қизга ҳимоя ордери берилди. Шунингдек, ажрим ёқасига келиб қолган 100 та оила яраштирилиб, 40 та оиладаги низолар бартараф этилди. Нотинч оилалар, боқувчисини йўқотган, турмушидан ажралганлар, ёлғиз оналар ҳамда руҳий хаста аёллар рўйхати шакллантирилиб, ҳамкор ташкилотлар билан профилактик ишлар олиб борилди. Маҳаллаларда, мактабларда, ташкилотларда хотин-қизлар томонидан содир этилиши мумкин бўлган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича тарғибот-ташвиқот табирлари ҳозирда ҳам давом эттирилмоқда.
– Маҳалламизда бир оила боши ичкиликбозликка ружу қўйди, – дейди «Янги қишлоқ» маҳалласи хотин-қизлар фаоли Наргиза Бекмуродова. – Натижада туппа-тузук ишидан айрилди. Устига устак, аёлига тазйиқ ўтказа бошлади. Хуллас, оиладаги соғлом муҳитга путур етди. Фарида Эркаева билан шу оилани қайта тиклаш учун биргаликда ишладик. Дастлаб аёлга ҳимоя ордери берилди. Ичувчи эрга инспектор ушбу ҳужжатнинг ҳуқуқий томонларини батафсил тушунтирди. Қолаверса, унинг бандлигини таъминлашда мутасаддилар ўз ёрдамини аямади ва у ишли бўлди. Ҳозирда шу оила аҳил-иноқ яшамоқда. Тўғрисини айцам, айнан шу ҳолат юзасидан ёш инспекторнинг олдига борганимда, унинг қўлидан бир иш келишига у қадар ишонмаганман. Аммо мен янглиш фикрлаган эканман. Фаридадаги дадиллик, ўзига ишонч ва синчковлик сабаб муаммо ўз ўрнида, каттармай ҳал этилди.
Ёш ходимани хизмат бўйича зиммасига юклатилган вазифаларни астойдил бажаришида қайнонаси Меҳри опа доим қўллаб-қувватлайди. Айниқса, турмуш ўртоғи Шаҳзод аёлининг хизмати осон эмаслигини яхши тушунади. Фарида хизмат, оила ишларидан бўш вақти бўлди дегунча, китоб ўқийди, югуриш билан шуғулланади. У ўтган йили ички ишлар органлари ходимлари ўртасида ўтказилган «Тўмарис издошлари» кўрик-танловининг республика босқичида 400 метр масофага югуриш беллашувларида учинчи ўринни эгаллаган.
Гулноза ТУРҒУНБОЕВА,
ўз мухбиримиз.
Самарқанд вилояти.
