Яқинда Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-маёр Б. Мирзараҳимов хизмат сафари билан Қоровул қўшинларига қарашли пойтахтимизда жойлашган 7531-ҳарбий қисмга келди.
Тадбир аввалида она Ватанимиз ҳимоячилари билан учрашган вазир ўринбосари юртимизда содир бўлаётган сиёсий ва ижтимоий жараёнлар, ички ишлар органлари тизимида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ҳамда келгусида бажарилиши лозим бўлган истиқболли вазифалар тўғрисида таъкидлади.
Шунингдек, генерал-маёр Б. Мирзараҳимов ҳарбий қисм ва баталён командирлари билан суҳбатлашиб, қўриқланаётган обектларга жанговар хизматга тайинланаётган ҳарбий хизматчиларни танлаш, уларнинг хизмат жараёнини белгиланган Низом ва буйруқ талаблари асосида тўғри ташкиллаштириш, осойишталик посбонларининг назарий ва амалий кўникмаларини мунтазам ошириб бориш ҳамда профессионаллик даражасини юксалтириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берди.
Муҳим аҳамият касб этган мазкур тадбир якунида қўшинлар сафида муносиб хизмат қилиб келаётган бир гуруҳ ҳарбийларга Ички ишлар вазирининг буйруғига биноан берилган ҳарбий унвонлар тантанали равишда топширилди.
Ўз мухбиримиз.
