Шу кунларда Фарғона вилоятида бўлиб турган Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-маёр Азизбек Икрамов Қўқон шаҳрида янгидан фойдаланишга топширилган йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига қарашли имтиҳон олиш марказининг очилиш маросимида иштирок этди.

Мазкур марказда инсон аралашуви нолга тенглаштирилган бўлиб, имтиҳон жараёнлари тўлиқ автоматлаштирилган. Номзодларнинг билими автоматлаштирилган тизим орқали баҳоланади.

Вазир ўринбосари имтиҳонларни муваффақиятли топширган фуқароларга ҳайдовчилик гувоҳномасини олиши учун сертификатларни тантанали равишда топширди ва уларга муваффақият тилади.

Худоёрхон мажмуасида ўтказилган яна бир тадбирда 18 ёшга тўлган йигит-қизларга биринчи маротаба ИД-карталар тақдим қилинди. Вазир ўринбосари катта ҳаёт остонасига қадам қўяётган ёшлар билан мулоқот қилиб, уларни пухта илм олишга, ҳунар ўрганишга чақирди.

Шу куни вазирлик ишчи гуруҳи билан ҳамкорликда Қўқон шаҳри ҳудудида ҳаракат ҳавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича профилактик тадбирлар ҳам ташкил этилди. Мазкур жараёнда белгиланган қоидаларини четлаб ўтиб, транспорт воситасини ҳужжациз бошқарган, ўткир тиғли совуқ қуроллар олиб юрган ҳайдовчиларни аниқлаш, йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари салмоғини камайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Тунги тадбирлар давомида вояга етмаганларнинг кўнгилочар жойларда белгиланган вақтдан ташқари бемақсад юришларининг олдини олиш, маъмурий назорат остидаги ва пробасия ҳисобида турган шахсларнинг суд томонидан белгиланган чекловларга амал қилишлари бўйича ҳам ўрганишлар ўтказилди.

Абдувосит СИДИҚОВ,

“Постда” мухбири.

Фарғона вилояти.