Ички ишлар вазири ўринбосари — маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи, генерал-маёр Даврон Назармухамедов бошчилигидаги ишчи гуруҳи Сирдарё вилоятида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Даставвал вазир ўринбосари вилоят ИИБ соҳавий хизмат раҳбарлари билан йиғилиш ўтказди. Унда ҳар бир йўналиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳисоботи эшитилиб, келгусида қилиниши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.

Вазир ўринбосари мутасадди раҳбарлар билан вилоят ҳудудида амалга оширилаётган ишларни ўрганиш мақсадида Сирдарё туманига бўлди. Ташриф давомида туман ИИБ навбатчилик қисмида ташкил этилган ситуацион марказ қурилмаларининг имкониятлари, сўровхона иш фаолияти ҳамда ички ишлар органлари ходимларининг фаолиятини назорат қилиш масалаларига эътибор қаратилди. Шунингдек, хизмат шароитлари ўрганилди.

Шундан сўнг вазир ўринбосари туманнинг “Ёшлик” маҳалласида бўлиб, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича тегишли тавсиялар берди.

Достон ШАМСИДДИНОВ, 

Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати раҳбари, капитан.