Яқинда ИИВ Транспорт ва туризм обектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти бўлинмалари Метрополитенда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси 4-баталён биринчи отряд 2-гуруҳ сафдор ходими, сафдор Давлатбек Норов ўзининг абжирлик ва зийраклик хислатларини намоён этиб, бир болакайнинг ҳаётини сақлаб қолди.
Шу куни тахминан соат 14:30ларда «Бўзсув метро кўприги» 2-постида хизмат олиб бораётган сафдор 7–8 ёшлардаги боланинг Бўзсув каналида оқиб кетаётгани ва қирғоқда унинг онаси дод солганча ёрдам сўраётганини кўриб қолиб, қутқариш мақсадида ўзини сувга ташлаган.
У тез орада болани сувдан олиб чиқиб, биринчи ёрдам кўрсатган. Зудлик билан етиб келган шифокорлар болакайни 5-сонли болалар шифохонасига олиб кетишган.
– Ўғлим Муҳаммадсодиқ билан канал атрофида айланиб юрган эдик, – дейди боланинг онаси Мухлиса Абдуқаҳҳорова. – Болам ўйинқароқлик қилиб, канал бўйига тушганини сезмай қолибман. Бир пайт қарасам, у сувга тушиб, оқиб кета бошлади. Жон ҳолатда бақириб, ёрдамга чақира бошладим. Шу пайт ҳолатни кўрган ички ишлар органи ходими ўзини сувга ташлади ва фарзандимни ҳеч қаерига шикаст етказмасдан олиб чиқди. Мен Давлатбекдек ходимлар борлигидан, унга тарбия берган ота-онасидан жуда миннатдорман. Раҳмат сизларга, юртимиз осойишталиги посбонлари!
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, Бўзсув Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри ҳудудидан оқиб ўтувчи энг йирик канал ҳисобланади. Пойтахтнинг кўплаб бошқа каналларига сув берган тарихий ариқдир. У Чирчиқ дарёсининг ўзани бўлиб, қадимги даврлардаёқ каналга айлантирилган. Канал тез оқувчи ва сувининг ҳарорати ҳам совуқроқ. Шунинг учун ҳам бу канал атрофида ёш болалар билан сайрга чиққанда, ўта ҳушёр бўлиш лозим. Ёз фаслида бу ерга чўмилишга келганлар ҳам хавфсиз, махсус ажратилган жойни танлаб, бир неча кишилар ҳамроҳлигида чўмилиши керак. Шундагина аянчли воқеалар юз бермайди, деб ўйлаймиз.
Сарвар СОБИРОВ,
ўз мухбиримиз.
Тошкент шаҳри.
