Исроил ака қарийб 30 йил ички ишлар органларида хизмат қилди. Дастлабки фаолиятини вояга етмаганлар билан ишлаш инспекторлигидан бошлади. Кейинчалик профилкатика инспектори, Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими бошлиғи лавозимларида фаолият юритди. Кармана тумани ИИБ бошлиғининг ўринбосари лавозимидан ҳурмат-эҳтиром билан пенсияга кузатилди. 

Турмуш ўртоғи унга касб машаққатларини енгиб ўтишда елкадош бўлди. Ҳеч ёдидан чиқмайди. 1996-йилда ўртанча қизини турмушга узатишди. Буни қарангки, у қизининг никоҳ тўйида ҳам қатнашолмади. Тўй кечасидан бир кун олдин туман марказида қотиллик жинояти содир этилган эди. Шу сабабдан ходимлар кучайтирилган тартибдаги хизматга жалб қилинганди.Жиноятнинг излари совумасдан барча гумон қилинувчиларни излаб топиш, қотиллик сабабларини ўрганиш керак эди. Хуллас, тўй кечаси жиноятчи қўлга олинди. Исроил ака тўйхонага кириб борганида, тўй тарқаб бўлганди. 

Истеъфодаги подполковник Исроил Ёдгоров бугун ҳам халқ хизматида. Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонаси Кармана тумани бўлимига раҳбарлик қилмоқда.

Халқ дард-у ташвиши ила яшаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга кўмак кўрсатиш ва аҳолининг муаммоларига ечим топишга камар-баста бўлаётган Исроил Ёдгоровнинг умр китобидаги ҳар бир саҳифа ибрат олишга арзигулик.

–Яқинда бизнинг юртимизда мусофирликда юрган хорижлик фуқаро билан хизмат юзасидан танишиб қолдим. У овозидан анчайин безовта эди. Бунинг сабабини сўраганимда, юрти нотинчлигини, шунинг учун ватанида қолган хотини ва уч нафар қизининг тақдиридан хавотирда эканлигини айтди. Суҳбат чоғида биз тинч-осойишта юртда яшаётганимиз катта бахт эканлигини бот-бот такрорлади, – деди Исроил ака.

Қаҳрамонимиз 5 нафар фарзанднинг отаси, бир этак невараю эвараларнинг севимли буваси. Қизлари таълим ва тиббиёт соҳаларини танлаган бўлса, икки нафар ўғли ота касбини танлади – ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида хизмат қилишади. Набираси Аббосжон ИИВ Академиясини тугатиб, шу йил Навбаҳор тумани Иибда хизмат фаолиятини бошлади. 


Маҳлиё ХОЛОВА,

ўз мухбиримиз.

Навоий вилояти.