1995-йилнинг 31-май санасида Наманган шаҳар ИИБ Жиноят қидирув ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими катта тезкор вакили, катта лейтенант Мухторжон Муродов ўта хавфли рецидивистни ушлаб, автомашинада олиб кетаётган эди. Туйқус барзанги жиноятчи ички чўнтагида бўлган пичоқ билан ходимнинг юрак соҳасига зарб билан уради. Афсуски, кутилмаган зарба Мухторжоннинг ҳаётига якун ясади. Хизмат вазифасини бажариш чоғида қаҳрамонларча ҳалок бўлган Мухторжон Муродов Президент фармонига кўра, «Жасорат» медали билан тақдирланди. 

Отани йўқотиш оила учун оғир мусибат бўлди. Мухторжон вафот этганда, турмуш ўртоғи Маҳмудахон опа 25 ёшда, ўғли Миржалол 4 ёшга етай деб қолган, қизи Шодия эса 11 ойлик эди. 

Вилоят ИИБ раҳбарияти жасо­рат кўрсатган ходимнинг оиласини ёлғизлатиб қўймади. Маҳмуда опа фарзандларини она Ватанга садоқат руҳида тарбиялай олди. Уларга отасига муносиб фарзанд бўлиш кераклигини уқтириб борди. 

Орадан йиллар ўтиб, Миржалол ва Шодия камолга етишди. Миржалол ота касбини эгаллашни дилига туккани учун волидаси унга оқ фотиҳа берди. Бирин-кетин ака-сингил ИИВ Академия­сини тамомлаб, эл-юрт тинчлигига камарбаста бўлишди. 

Маёр Миржалол Мамасиддиқов Янгиқўрғон тумани ИИБ Терро­ризмга қарши курашиш бўлимида тезкор вакил бўлиб ишламоқда. Капитан Шодия Мамасиддиқова эса Наманган шаҳар ИИОФМБ Терро­ризмга қарши курашиш бўлинмаси ходими. 

– Орзуларингга ецанг-да, бир армон қалбингни ўртайвераркан. Отамнинг ўрни ҳар доим ҳар бир даврада билинади, – дейди Миржалол. – Отам чин инсон эди, бурчига садоқатни ҳаётидан устун қўйди, бу ички ишлар ходими учун энг керакли фазилатдир. 

Наманган шаҳридаги Ватанпарвар боғида ва вилоят ИИБ ҳовлисида қаҳрамонлик кўрсатган ички ишлар ходими Мухторжон Муродовнинг хотирасини шарафлаб, ёдгорлик ўрнатилган. Мардларча ҳалок бўлган фидойи ходимнинг хотираси учун ёдгорлик олдида сукут сақлаб, пойига гуллар қўйилади. Ана шундай пайтларда Миржалол ва Шодиянинг қалблари отаси кўрсатган қаҳрамонлик халқ хотирасида яшаётганидан фахр ва ифтихорга тўлади. 

Гулчеҳра БУВАМИРЗАЕВА,

ўз мухбиримиз.

Наманган вилояти.