Жиззах шаҳрида порахўрлик жиноятини тергов қилишда аниқланиши ва исботланиши лозим бўлган ҳолатлар юзасидан семинар ташкил этилди. Унда ички ишлар органлари, прокуратура ва давлат хавфсизлик хизмати масъуллари ва терговчилари қатнашдилар.

Тадбирда вилоят прокуратурасининг уюшган жиноятчилик ва коррупсияга қарши курашиш ҳамда тергов фаолияти устидан назорат бўлимлари масъуллари томонидан жиноятнинг криминалистик тавсифи, қонунбузарликка оид далилий ашёлар йиғиш, жиноятни исботлаш масалаларига эътибор қаратилди. Худди шундай, пора берувчининг фойдасига ноқонуний ҳаракат ва ҳаракацизлик, жиноятни тил бириктириб содир этиш, ноаниқ шахслар доирасида ҳар хил шаклларда пора олиш, уюшган жиноий гуруҳдан доимий равишда пора олиш билан боғлиқ жиноий ишларни кўриб чиқиш бўйича тавсиялар билдирилди.

Семинарда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан порахўрликка оид жиноятлар юзасидан олиб борилган тезкор қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов жараёнида кузатилган камчиликлар атрофлича таҳлил этилиб, келгусида хатоларга йўл қўймаслик чоралари белгилаб олинди.

Алижон АБДУСАТТОРОВ,

“Ростда” мухбири.

Жиззах вилояти.