Ёзги мавсумда бу ердаги салқин ҳаво ва гўзал табиат минглаб юртдошларимизни ўзига оҳанрабодек тортади. Шу боис Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан ҳудуддаги пляжлар ва дам олиш масканларида хавфсиз туризмни таъминлаш юзасидан муҳим вазифалар белгиланган.
Диққатга сазовор жиҳати, Ўзбекистонда илк бор сув обектларида хавфсизликка ихтисослаштирилган махсус бўлинма айнан Бўстонлиқ туманида ташкил этилди. Бу мамлакатимизда хавфсиз туризм тизимини янги босқичга олиб чиқиш, сув транспорти ҳаракатини самарали назорат қилиш ва сайёҳлар хавфсизлигини кафолатлаш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.
Бўлинма асосан тумандаги Чорвоқ сув омбори ва унга туташ ҳудудларда жамоат тартибини сақлаш, туристик зоналарда, хусусан, сув бўйларида патрул хизматларини олиб бориш, сайёҳлар хавфсизлигини таъминлашга масъулдир.
Таҳлилларга кўра, ёз мавсуми авжига чиққанда кунлик сайёҳлар оқими 100 минг нафарга, ҳудудга кириб-чиқувчи автотранспорт воситалари сони эса 38 мингтага етади. Айни пайтда сув ҳавзасида 215 та сув транспорти ҳаракатланмоқда. Бундай катта кўрсаткич, табиийки, хавфсизлик чораларини максимал даражага кўтаришни талаб этади.
Айтиш жоизки, соҳага рақамли технологиялар фаол жорий этилиб, замонавий кузатув камералари тармоғи кенгайтирилмоқда.
– Яқин истиқболда ПТЗ (бурилувчи, бошқарилувчи), автомобил рақамини аниқловчи ва юзни таниб олувчи камералар сони кескин оширилади. Бу орқали қирғоқ бўйи ва сув юзасидаги ҳар қандай шубҳали ҳаракат, қоидабузарлик ёки бахциз ҳодисалар Марказий диспетчерлик пунктида онлайн режимда кузатиб борилади, – дейди туман ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бўлими сув обектларида хавфсизликни таъминлаш бўлинмаси катта инспектори, лейтенант Рўзмат Азимжонов.
Бўлинма ходимлари томонидан дам олиш масканларида фаолият юритаётган хусусий тадбиркорлар ўртасида тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Хулоса ўрнида айтиш керакки, ҳудудда хавфсизликни таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар алоҳида эътиборга моликдир. Бу Бўстонлиқ туманининг маҳаллий ва хорижий сайёҳлар нигоҳидаги «Хавфсиз туризм маскани» мақомини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Аброр ПОЁНОВ,
катта мутахассис-мухбир,
катта сержант.
Ҳикматилла АЛИМЖОНОВ олган суратлар.
Тошкент вилояти.
