Улар Пастдарғом туманида билимга чанқоқлик руҳи ва адолатга интилиш ҳукмрон бўлган ўқитувчилар оиласида вояга етишди. Каттаси Муҳсиддин мулоҳаза билан иш юритишга, ҳар он интизомга риоя қилишга одатланган. 2009-йилда Самарқанд туризм коллежини тамомлаб, ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментининг 3-минтақавий ҳудудининг 7-сонли тергов ҳибсхонасида ўз хизмат фаолиятини бошлаган ва бугунги кунгача шу ерда хизмат қилиб келмоқда.
– Ҳибсхонага кириш жойида ҳар қандай кичик жиҳатларга эътиборли бўлиш ва фавқулодда вазиятда зудлик билан ҳаракат қилишга тайёр туриш ўта муҳим, – дейди у.
Ҳибсхонада хизмат қилиш нафақат жисмоний тайёргарликни, балки кучли руҳият, одамлар билан тил топишиш қобилияти ва экстремал шароитларда хотиржамликни сақлашни ҳам талаб қилади. Жамият хавфсизлиги бевосита унинг фаолиятига боғлиқ.
Укаси Муҳриддин 2018-йилда патрул-пост хизматига ишга кириб, тез орада шаҳарликларнинг ҳурматини қозонди. Кўпчилик учун у нафақат қонун вакили, балки ҳақиқий дўст ва ёрдамчига айланди.
Муҳриддин Абдураҳмоновнинг билимга ва ўзини такомиллаштиришга бўлган интилиши уни Самарқанд давлат университети сари бошлади. 2024-йилда ушбу олийгоҳни муваффақиятли тамомлаган ёш офицер бир йилдан сўнг Пастдарғом туманидаги «Турон» маҳалласига профилактика инспектори этиб тайинланди. Бу ерда у нафақат ҳуқуқ вакили, балки инсонларни муросага келтириш, қизғин ва танг ҳолатни енгиллатишга қодир психолог ҳамдир.
Бугун лейтенант М. Абдураҳмонов профилактик ҳисобда турадиган фуқароларнинг тинч ва осуда ҳаётга қайтишига ёрдам бермоқда.
У маҳаллий фермер ва тадбиркорлар билан суҳбатлашиб, ҳаёт йўлида қоқилганларга имконият беришга ундамоқда. Ҳар сафар кимгадир ўзини жамиятга керакли инсон деб ҳис қилишига ёрдам беришга муваффақ бўлганда, ўз ишининг асл моҳиятини яна бир бор англаб етади.
Икки ака-ука, икки хизмат йўналиши, икки хил йўл – лекин мақсад битта. Умрини хизматга бағишлаган бу йигитларни Ватанга муҳаббат, ўз ишига садоқат бирлаштириб туради.
Замира БОЛТАЕВА,
ўз мухбиримиз.
Самарқанд вилояти.
