Ички ишлар органларида хизмат қиладиган сулолалар вакиллари кўп учрайди. Бугунги қаҳрамонларимиз – ота ва икки ўғил эл-юрт осойишталигини таъминлаш йўлини танлаган.

Оила бошлиғи истеъфодаги подполковник Фурқат Ғофуров ички ишлар органлари сафида 33 йил хизмат қилган. Унинг касби давомчилари катта ўғли Фаррух вилоят ИИБ Эксперт-криминалистика маркази бош эксперти, кенжа ўғли Фахриддин эса Самарқанд вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси терроризм ва экстремизм билан боғлиқ жиноятларни тергов қилиш бўлинмаси бошлиғи, унвони маёр.

– Шоҳиста билан 40 йил бирга яшаяпмиз, – дейди Ф. Ғофуров. – Қийинчиликларга қарамай, турмуш ўртоғим менга ва муваффақиятларимга ишонч билдирди. Биргаликда муносиб фарзандларни тарбияладик. Ҳозир рафиқам мактабга раҳбарлик қилади. Битта-ю битта қизимиз Азиза онасининг изидан бориб, Самарқанд давлат университетида дарс беради, профессор. 

Биз билан суҳбат чоғида кенжа ўғил Фахриддин ўзининг болалик хотиралари билан ўртоқлашди, терговчининг иш кунлари ҳақида сўзлаб берди. У болалигини эслар экан, уйга толиққан, лекин ўз меҳнатидан мамнун ҳолда қайтадиган отасини кўз олдида гавдалантиради.

– Отам ҳамиша хизматга содиқ бўлган, жамоанинг ижти­моий ҳаётида фаол иштирок этган. Онам падари бузрукворим учун ишончли таянч эди, – дея эслайди маёр Фахриддин Ибрагимов. – Ҳаётини умр йўлдоши ва фарзандларига бағишлаб, ишлашга ва ўзини такомиллаштиришга ҳам вақт топган. Шу билан бирга, уй-рўзғор ишларига ҳам улгурарди. 

Фахриддин ички ишлар органларидаги хизмат фаолиятини Самарқанд шаҳар ИИОФМБ ҳузуридаги ТБ терговчиси сифатида бошлаган. Кейинги хизмат йиллари Булунғур ва Самарқанд туманларида кечди. 2023-йилдан буён эгаллаб турган лавозимида ишлаб келмоқда. 

– Кечқурун жам бўлишни яхши кўрамиз, – дейди Фахриддин. – Чалкаш ва мураккаб ҳодисаларни тергов қилишга келганда отам тез-тез маслаҳат беради, акам ҳам амалий тавсияларини қўшимча қилади. Ахир, хизматнинг барча қийинчиликлари ва ўзига хос хусусиятларини яқинларингдан бошқа ким ҳам тушуниши мумкин.

Замира БОЛТАЕВА,

ўз мухбиримиз.